"Ўйлайманки, биринчи даврадан сўнг айрим позициялар кучайтирилади" - фойдаланилмаган пенальти, "Пахтакор"га мағлуб бўлиш сабаби ва Бақоев хусусида "Бухоро" етакчиси нима деди?

“Бухоро” клуби чемпионатнинг 10-турида Тошкентда “Пахтакор”га 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Бироқ учрашув бундай натижа билан якунланмаслиги ҳам мумкин эди.

Сабаби, бухороликлар ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида пенальти тепиш имкониятига эга бўлгандилар. Лекин Аббос Отахонов бундай имкониятдан фойдалана олмади ва 1:0 ҳисоби сақланиб қолди.

Рўзим Аҳмедов алмаштирилганидан кейин иккинчи бўлимни сардор сифатида ўтказган ҳимоячи Обид Жўрабоев мазкур беллашув борасида Sports.uz журналистининг саволларига жавоб қайтарди.

- “Бухоро”нинг “Пахтакор”га қарши ўйинини ягона гол ҳал қилди. Учрашув борасида нима деган бўлардингиз?

- Амалдаги чемпион жамоага қарши тайёргарлик кўрдик. Қўлимиздан келганича ишладик. “Пахтакор”ни бир қатор ўйинчилари ёшлар термасига жалб қилинган. Ўйиндан олдин мураббийимиз бундай чемпион жамоа билан ўйнаш ҳаммага эмоция беради дея бизн ҳар томонлама тайёрлади. Керак бўлса, футболда ҳаммасини битта гол ҳал қилади. Омад деган нарса ҳам бор. Тўғри, биринчи бўлимда қандайдир ўйинимиз қовушмади. Иккинчи бўлимда ўзимизни қўлга олиб ҳаракат қилдик, ҳужумлар уюштирдик. Қўлдан келганича “Пахтакор”га қаршилик кўрсатдик. Охирги дақиқада пенальтига ҳам эга бўлдик. Омад келмади. Бу нарса ҳаммада ҳам бўлади. Айрим вазиятларда тажриба етишмаяпти.

обид2

- Дарҳақиқат, “Бухоро” мағлубиятдан қутулиб қолиши мумкин эди. Бироқ пенальтидан фойдалана олмади...

- Айтганимдек, чемпион жамоага қарши ўйнаяпмиз ва охирги дақиқада унинг дарвозасига пенальти белгиланди. “Пахтакор” оддий жамоа эмас, ҳар доим чемпионлик учун курашиб келган. Агар гол ура олганимизда ҳозирги вазиятимизда бир очко ҳам биз учун олтинга тенг бўларди. Яна айтаман: бу футбол. Биргина ўйинчини айблай олмайман. Омад ҳам керак бўлади. Ҳакам тўғри пенальти белгилади, ҳаққоний эди. Афсуски, фойдалана олмадик.

- Ўша ҳолатда Аббос Отахоновнинг ўзи ташаббус кўрсатиб пенальти тепишни хоҳладими ёки мураббий кўрсатмаси эдими?

- Ўйин олдидан кўрсатма бериш жараёнида мураббий пенальтини ким тепишини айтади. Учта номзод бор эди. Рўзим Аҳмедов, Александр Касьян ва Аббос Отахонов. Ўшанда Аҳмедов майдонда эмасди. Пенальти белгилангач, мураббийлар кўрсатмаси билан Отахоновга берилди. Мураббий қарорини ҳурмат қиламиз.

обид3

- “Бухоро” аламли тарзда ютқазди ва бу мағлубият жамоага қандай таъсир қилди?

- Албатта, бундай мағлубият аламли. Агар “Пахтакор” бизни йирик ҳисобда ютганида бу бошқа гап эди ва кучсиз эканмиз деб қўя қолардик. Аммо қўлимиздан келганича қаршилик кўрсатдик. Вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Сафарда “Пахтакор”га қарши бир очко биз учун ханна эди.

- Бош мураббийликка Улуғбек Бақоев келганидан сўнг қандайдир ўзгариш сезиляптими?

- Биласиз, қаттиққўл мураббий. Тартиб-интизомни жойига қўяди. Ўзгариш бўлди, йигитларга руҳий далда бера олди. Мураббий ҳам қўлидан келганича ҳаракат қиляпти. Ўйлайманки, биринчи даврадан кейин айрим позицияларни кучайтиради. Чемпионатнинг илк турини ютганимиздан сўнг кейинги учрашувларда ютқазгач, жамоа руҳий тушкунликка тушиб қолганди. Бақоев футболчиларни руҳлантирди. Мағлубият учун мухлисларимиздан узр сўраймиз. Стадионга келиб бизни қўллаб-қувватлаганликлари учун раҳмат. Кейинги учрашувларда ғалаба билан уларни хурсанд қиламиз, деган умиддамиз.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!