Ўз уйида ғалаба қозонган "Реал" пешқадамга етиб олди

Ла Лига 15-тур учрашувлари давом эттирилмоқда. Турнир жадвали пешқадамларидан бири "Реал" ўз уйида "Гранада"га қарши майдонга тушди. Ўйин "қаймоқранглилар"нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ҳисобни 57-дақиқада Каземиро очди. Жарима майдонига оширилган тўпни бразилиялик ярим ҳимоячи дарвозага киритди. Ҳакам томонидан ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда Карим Бензема жамоадошлари ва мухлисларга хотиржамлик тақдим этди. Жарима майдони ташқарисидан зарба берган француз ҳисобни ишончли кўринишга келтирди.

Ушбу ғалаба натижасида "қироллик клуби" ҳисобидаги очколар сони 32 тага етди ва улар пешқадам "Атлетико" билан тенглашиб олди. Меҳмондан қуруқ қўл билан ортга қайтадиган "Гранада" 21 очко билан онлайн жадвалда 7-поғонада жойлашган.

  • 90+4'

    Учрашув якунланди. Матнли трансляция Жавоҳир Азимов томонидан олиб борилди!

  • 90+3'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Реал" ўйинга мантиқий нуқтани қўйди!

    Рақибларидан қочиб зарба берган Бензема дарвозани ишғол этди.

  • 90+2'

    Асенсионинг зарбаси ноаниқ кетди.

  • 90+1'

    Иско қулай имкониятдан унумли фойдалана олмади. Унинг бироз кечикиб берган зарбаси рикошет натижасида ўз йўналишини ўзгартирди.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 4 дақиқа қўшиб берилди.

  • 89'

    Жарима майдонига етказилган тўпга Херман Санчес ноаниқ зарба берди.

  • 88'

    Тўп "Реал" футболчисининг қўлига тегиб кетди. Меҳмонларда яхши стандарт вазият.

  • 86'

    Зидан майдонга туширган футболчилар "Реал"га тўп назоратини тақдим этди. Энди мадридликларнинг ҳужумлари позицион тарзда амалга оширилмоқда.

  • 84'

    Хесус Вальехо ўрнига Херман Санчес ўйинга қўшилди.

  • 83'

    Сўнгги 10 дақиқаликни меҳмонлар фаол бошлади. Кузатамиз, улар тарози паллаларини тенглаштира олармикан.

  • 81'

    Рақибига нисбатан қоида бузган Карвахаль огоҳлантирилди.

  • 79'

    Бироз кескин курашлар бошланиб кетди. Футболчилар асабларини жиловлаб олишлари зарур.

  • 77'

    Ҳаммаси жойида! Ҳакам ўйинни давом эттиришга рухсат берди.

  • 76'

     Ҳакам ВАРдаги ёрдамчиларидан жарима майдонида тўп Каземиронинг қўлига текканлиги эҳтимолини текширишни сўради.

  • 74'

    Сольдадо ва Фулькье ўрнига Хоакин Хосе ҳамда Хрохе Молина ўйинга қўшилди.

  • 72'

    Ва ниҳоят, Лукас Васкес зарба берди. Бироқ тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.

  • 69'

    Жамоалар хавфли зарба бериш тугул, тўпни дарвоза томон йўналтирмай қўйди. Фақатгина, жарима майдони яқинига узатмалар амалга оширилмоқда.

  • 66'

    Вальведре узатган тўпга Асенсио ета олмади.

  • 64'

    Жамоалар голгача бўлган юқори темпни сақлаб қололмади. Сўнгги дақиқаларда ўйин марказда кечяпти.

  • 62'

    Кенеди ўз ўрнини Луис Суаресга бўшатиб берди.

  • 60'

    Ўйин майдон марказида кечмоқда. Жамоалар эҳтиёткорликни биринчи планга чиқарди.

  • 58'

    "Гранада" дарҳол реакция билдира олди. Вазиятни Куртуа бартараф этиб, зарбани ушлаб олди.

  • 57'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Реал" ҳисобни очди!

    Асенсионинг узатмасидан кейин Каземиро тўпни дарвозага жойлаб қўйди.

  • 55'

    Вальверденинг яқин масофадан берган зарбасини дарвоззабон катта қийинчилик билан қайтарди. Такрорий зарбага аниқлик етишмади.

  • 53'

    Карвахалнинг зарбаси ҳимоячига тегиб, майдонни тарк этди.

  • 50'

    "Реал" назоратни қайтариб олди. Улар тўпга эгалик қилмоқда.

  • 48'

    Марказда Васкесга нисбатан қоида бузилди. Ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди!

  • 46'

    Футболчилар майдонга қайтди. Биз ҳам қайтамиз!

  • 45+4'

    Танаффус!

  • 45+3'

    Дуарте оёқ пайларини чўзиб олди. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

  • 45+2'

    Бенземани ақл билан узоқ бурчакка йўллаган зарбаси йўлига ҳимоячи ғов бўлди.

  • 45'

    Биринчи бўлимга 3 дақиқа вақт қўшиб берилди.

  • 45'

    Пуэртас бўш қолган дарвоза қаршисида қолганди. Бироқ ён ҳакам байроқчасини кўтарди ва ўйин тўхтатилди.

  • 44'

    Иккинчи қаватдаги тўп учун курашда Карвахаль ва Ян Эттеки тўқнашиб кетди.

  • 42'

    Вальверде ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди.

  • 40'

    Майдон марказида "қаймоқранглилар" тўпни эгаллаб турибди.

  • 38'

    Жароҳат олган Родригони майдондан замбилда олиб чиқишди. Унинг ўрнида Асенсио ўйинни давом эттиради.

  • 35'

    Рақиб жарима майдони ичида Родриго йиқилиб тушди. Унга тиббий ёрдам керак.

  • 33'

    "Гранада" 2-3 дақиқадан бери рақибни тўпсиз югуришга мажбур қилмоқда. Аммо бу орқали улар хавфли ҳужум ҳам уюштирмаяпти.

  • 31'

    Футболчилар тўпни узоқ вақт ўзларида ушлаб турмаяпти. Тўп назорати қўлма-қўл бўлмоқда.

  • 29'

    Бурчакдан етказиб берилган тўпга зарба берган Варан мўлжалда адашди.

  • 27'

    Мендига нисбатан қўполлик ишлатгани учун Фулькье огоҳлантирилди.

  • 25'

    Бурчакдан оширилган тўпни Куртуа муштлари билан узоқлаштирди.

  • 23'

    Шеригининг ўта кучли узатмасига Бензема етиб бора олмади. Бу амалда иложсиз эди.

  • 21'

    Зидан шогирдлари тўп назоратини қўлга олишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ яхши прессинг уюштираётган меҳмонлар рақибга майдонда эркин ҳаракат қилиш имкониятини бермаяпти.

  • 19'

    Варан яна бир бор оддий вазиятда тўпни рақибига олдириб қўйди. Унинг тўп йўқотишлари сони 5 тага етди.

  • 16'

    Умумий устунликни қайсидир томонда, деб бўлмайди. Ҳар икки жамоа вакиллари ҳам рақибга қараганда фаолроқ ўйнашга уринмоқда.

  • 14'

    Тони Кроос олис масофадан дарвозани нишонга олди. Бироқ унинг зарбаси бироз ноаниқ кетди.

  • 12'

    Меҳмонларнинг ҳужуми Кроосга нисбатан ишлатилган қўполлик сабаб барбод бўлди.

  • 10'

    Майдон эгалари позицион ҳужум уюштирмоқда. Рақиб яхши қаршилик кўрсатяпти.

  • 8'

    "Гранада" ҳам яхши ҳужум ташкиллаштирди. Кеннедининг зарбасини Куртуа эгаллаб олди.

  • 7'

    Шеригидан пас қабул қилган Родриго зарба берди. Дарвозабон тўпни ушлаб олди.

  • 5'

    Мадридликлар эрта прессинг уюштирмоқда. Ҳимоячилар анча олдинга чиқиб, рақибни кутиб оляпти.

  • 3'

    Бенземанинг зарбаси рикошет натижасида бироз ноаниқ кетди.

  • 1'

    Илк дақиқадаёқ Варан ҳимояда қўпол хатога йўл қўйди. Бироқ меҳмонлар футболчиси қулай позициядан зарба беришда адашди.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

  • 0'

    Сардорлар иштирокидаги расмий жараёнлар ортда қолди. Старт учун барчаси тайёр!

  • 0'

    Футболчилар майдонга тушиб келди. Ўйин бир неча сониялар ичида старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!