Ўз уйини аҳмоқона ғоя сабабли ёқиб юборган "Бавария" собиқ юлдузининг қайғули ҳикояси

SPORTS.uz футбол оламини ҳайратга солган инсонларнинг ҳикояларини тақдим қилишда давом этади. Футболчининг майдондаги "умри" жуда қисқа. Афсуски, буни барча чарм тўп усталари ҳам англаб етмайди. Бугун машҳурлик ва бойликни биргина аҳмоқона "ҳунари" сабабли қўлдан чиқарган "Бавария" футболчиси ҳақида сўз боради.

19 ёшида Европага келган бразилиялик иқтидор

Брено Боржис "Сан-Паулу" жамоаси тарбияланувчиси саналади. 2007 йилда ҳимоячи клуби сафида Бразилия чемпионлигини қўлга киритади. Ёш ва кучга тўла йигитнинг довруғи "кўҳна қитъа"даги грандлар "оромини ўғрилайди". Унинг учун курашда "Бавария" 12 миллион еврони "қурбон" қилиб, якунда ғолиб чиқади. Қарабсизки, Брено Бундеслигада!

Аввалига турли жамоаларда ижара асосида тўп тепган бўлса ҳам, 2010 йилга келиб Мюнхен клуби уни асосий жамоага қайтарди. Ҳимоячи учун "Лацио" ва "Спартак" 20 миллион таклиф қилганига қарамай, "Бавария" уни ўз таркибида сақлаб қолишга қарор қилди. Агар ўша йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган воқеадан клубдагиларни огоҳлантирилганида, немислар Бренони 1 миллион евро эвазига бўлса ҳам сотиб юборган бўлар эди...

231314144

"Уйим ёнмоқда!!!"

Барчаси 2011 йилнинг 20 сентябрь куни бўлиб ўтди. Бренонинг уйида ёнғин чиқди. Футболчи ис газидан зарар кўрганига қарамай, хонадон ойнасидан ташқарига отилиб чиқди ва қўшниларни ёрдамга чақирди. Ҳеч ким ёрдам бермагани боис, кўзларини шифохонада очди. Бахтига, фарзандлари ва турмуш ўртоғи ўша тонг уйда бўлмаган.

Фалокатдан сўнг уй эгаси 500 минг евро зарар кўргани расман эълон қилинди. Полиция ёнғин сабабларини аниқлаш мақсадида терговни бошлаб юборади. Натижада биринчи гумонланувчи шахс сифатида Бренонинг ўзи суғурта компаниясида шубҳа уйғотди. Германия суди уни ишга оид асосий гумондор сифатида ҳибсга олиш борасидаги қарорни қабул қилди. "Бавария" бу борада уни ёлғизлатиб қўйгани йўқ. Гаров пули тўлангач, Брено яна яшил майдонга қайтди, аммо...

Футболчи касалхонага тушганида шифокорлар унинг қонида алкоголь моддасини аниқлашгани ҳақидаги экспертиза хулосалари пайдо бўлгач, вазият анча кескинлашиб кетди. Суд терговга Бренони бир неча бор чақирганидан кейин ҳақиқат ошкор бўлди. Ўша куни "Бавария" футболчиси маст ҳолатда суғурта компаниясидан келиб тушадиган пуллар учун ўз уйига ўзи ўт қўйганини тан олади. Натижада, иш судга оширилди. Аввалига , Бренога 15 йил қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди, бироқ турли юмшатувчи омиллар сабабли муддат 3 йил 9 ойгача қисқартирилди.

923482934823

"Бавария" вазиятни бартараф этиш учун қўлидан келган барча ишни қилди. Клуб президенти оммавий чиқиш қилди, турли илтимос ва аппеляция ҳам наф бермади. Қамоқдаги илк йили якунида у эркин агент мақомини қўлга киритди. "Сан-Паулу" бундан унумли фойдаланиш мақсадида қамоқхонадаги маҳбус билан 3 йиллик шартнома имзолади. Энг қизиғи, битим Брено қамоқдан чиққан кунидан бошлаб кучга киради. Шунчаки, фантастик ечим!

"Қамоқхонадаги ҳаёт мени ўзгартириб юборди. Ёдимда, илк бор хотинимдан келган хатни ўқиганимда, томоғимга бир нарса тиқилиб қолгандек бўлди. Фарзандларимнинг суратини кўргач, йиғлаб юбордим. Буни барчадан яширдим. Мени ожиз деб ҳисоблашларини истамадим. Бирга ўтирган 2-3 дўстим ўз жонига қасд қилганини кўргач, нималар қилиб қўйганимни чуқур ҳис этдим".

03294203942

У қайтди, аммо поезд кетиб бўлган эди

2014 йилнинг январида бразилиялик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқди. Ўша куниёқ ватанига йўл олди. Узоқ муддат футболдан узоқ бўлгани боис, 7 ой давомида "Сан-Паулу" либосини кия олмади. Кейин, узоқ кутилган дебют амалга ошди. Ўша ўйиндан сўнг Брено ҳиссиётларини яшира олмади:

"Мен маст ҳолда гуноҳ ишга қўл урганим рост, аммо бунинг учун етарлича азият чекдим. Энди ҳаммасини бошидан бошламоқчиман! "Бавария"га ўтганимда агентлар менга ўйин амалиёти берилишини ваъда қилган эди. Афсуски, захирада қолиб кетдим. Янги иқлим, янги тил ва жамият мени қабул қилмади".

Ачинарлиси шундаки, ҳаммаси позитив руҳда давом этгани йўқ. "Сан-Паулу"да ҳеч нарсани уддалай олмагач, клуби уни "Васко да Гама"га ижарага бериб юборди. Шартнома муддати якунланганидан сўнг, томонлар янги битимга имзо чекмади. Қамоқдан озод бўлгач, қаҳрамонимиз умумий ҳисобда 100 та ўйин ўтказмай туриб, 2020 йилни клубсиз ўтказди.

Бренонинг футбол карьераси чинакам голливуд фильмлари учун сценарий вазифасини ўтаб бериши мумкин. 19 ёшида Жанубий Америкадан Европа топ клубига келган йигит, қандайдир суғурта компаниясидан олинадиган пуллар учун амалга оширилган жиноят ва қамоқ. Тўғри, бу кино бахтли якун топмайди, аммо ундан бугунги авлод керакли хулосаларни чиқариб олиши аниқ.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!