Ўзбек боксчиси машҳур "Bellator" жангчисини мағлуб этганини биласизми?
2004 йил Филиппиннинг Пуэрто-Принсеса шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган. Икки олтин -54 кг вазнда Баҳодиржон Султонов ҳамда +91 кг вазнда Рустам Саидов ҳисобига ёзилади.
Албатта, бугун биз бу чемпионат ҳақида эмас, балки ушбу турнирдаги қизиқ ҳолат тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Аниқроқ қилиб айтганда, ҳамюртимиз Рустам Саидов финалда Тожикистон шарафини ҳимоя қилган асли россиялик, машҳур ММА жангчиси Сергей Харитоновни мағлуб этади. Тожикистон делегацияси таркибидан ўрин олган Харитонов бирин-кетин рақибларини мағлубиятга учратиб, ярим финалда хитойлик Чжан Чжилейдан устун келиб, финалга йўл олади. Рустам Саидов эса, ушбу босқичда принципиал рақиби қозоғистонлик Мухторхон Дилдабековни мусобақадан чиқариб юбориб, ҳал қилувчи босқичга етиб келади.
Финалда эса, омад юртдошимизга кулиб боқади. Мазкур жанг қандай бўлганлиги барчага қизиқ эканлигини инобатга олиб, биз совриндор боксчимиз Рустам Саидовдан ушбу жанг ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдик.
- Харитоновни Тожикистон терма жамоасига жалб қилишган эди. У қайсидир маънода ишончни оқлаган. Чунки, кучли рақибларни мағлуб этиб, финалга етиб келганди. Тўғриси, ажойиб ҳаракат қилган. Чидами юқори эди. Мен ҳар икки қўлда ишлай олишим қўл келганди. Биринчи раундда асосий зарбани ўнг қўлда беришга ҳаракат қилдим. Зарбалар аниқ етиб борди. Лекин унга таъсир қилмади. Кейинги раундда тактикани ўзгартириб, асосий зарбани чап қўлда йўллай бошладим. Бир-икки кучли зарбам жигарига ўтиб кетди ва кейин у тўхтаб қолди. Жанг тўлиқ давом этган. Жуда жиддий қаршилик кўрсата олганди. Боксдаги маҳорати ва матонати эвазига Сергей ММА оламида ўз сўзини айта олди. Очиғи, бу жангчини ҳурмат қиламан.
Фикрлар