Ўзбек боксининг келажакдаги юлдузлари ким бўлади?
Ўзбек бокс мактаби ҳақида ҳар қанча илиқ фикрларни билдирсангиз арзийди. Чунки чармқўлқоп усталаримиз ҳаваскор ва профессионал йўналишда ҳам фахрланишга арзигулик натижалар қайд этишмоқда. Ёш истеъдодларимиз жуда кўп ва улар, албатта, яқин йиллар мобайнида акалари уддалаб келаётган ишларни такрорлашига ва улардан-да юқори марраларни забт этишига ишончимиз комил.
Биз ёш боксчиларимиз орасида келажакда қай бирлари юксак натижаларни қайд эта олади, деган савол билан баъзи боксчиларимиз, спорт журналистлари ва блогерларга мурожаат қилдик.
Қуйида уларнинг танловини эътиборингизга ҳавола этамиз:
Сардор Раҳимов (журналист).
-Абдумалик Халаков ҳақиқий истеъдод! Мужбилло Турсунов ҳам Ўзбекистон чемпионатида ажойиб ҳаракат қилди. Уларда улкан ютуқларни қўлга киритиш салоҳияти бор.
Исроил Мадримов (боксчи).
-Бундай ёшларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг барчасини исм шарифи ёдимда йўқ. Лекин Абдумалик Ҳалаков келажакда яхши натижалар қайд эта олади. Унинг масофани сезиши ва керакли вақтда зарба йўллай билиши ёқади.
Азамат Муродов (журналист).
-Абдумалик Ҳалаков ҳамда яқин ўтмишда ажойиб боксчи бўлган Лазиз Зокировнинг ўғли Жаҳонгир Зокировни айтган бўлардим.
Қудратилло Абдуқаҳҳоров (боксчи).
- Ҳаваскор йўналишдаги ўсмир ва ёшлар тоифасидаги ютуқларимиз ҳам ажойиб кўриниш олмоқда. Афсуски, уларни яхши танимайман. Мен биладиганлар эса ҳозир катталар ўртасида ҳам ўз сўзларини айта олаяпти. Мисол учун, Абдумалик Ҳалаков, Жаҳонгир Раҳмонов, Санжар Турсуновларни таъкидлаб ўтиш мумкин.
Ҳасанбой Дўстматов(боксчи).
- Бугунги кунга келиб, ўзбек бокси юқори чўққиларга кўтарилди. Ўйлайманки, ёшларимиз ҳам ушбу юксакликни ушлаб қола оладилар. Чунки бунга етарлича сабаблар бор. Мамлакатимизда спортга катта эътибор қаратилмоқда. Тажрибали мураббийлар ҳам жуда кўп. Шунингдек, маҳоратли ёшлар исталганча топилади.
Саволингизга келсак, жуда ёшлар эмас-у, 2024 Олимпиадада Иқболжон Ҳолдоров, Абдумалик Ҳалаков, Лазизбек Муллажонов ва Билолбек Мирзараҳимовлар ажойиб натижалар қайд эта олишга қодирлар. Қолаверса, 2022 йилги ўсмирлар Олимпиадаси ҳам янги, келажаги порлоқ ёшларни кашф этади.
Ориф Аҳмедов (блогер).
- Абдумалик Ҳалаков ҳамда Жаҳонгир Раҳмоновлар ўз устиларида ишлашдан тўхтаб қолишмаса, юлдузлик касалига чалинмасалар яхши натижалар қайд этишларига ишонаман.
Мифтохиддин Абсалиев( блогер).
- Мужбилло Турсунов ва Абдумалик Ҳалаковлар ўзбек боксининг келажакдаги юлдузларига айланишади деб ўйлайман.
Жалол Аҳмедов ( блогер).
- Aлбатта, ҳозирги авлод боксчиларимизга ёшлар ва ўсмирларимиздан ҳам муносиб издошлар етишиб чиқмоқда. Хусусан, ёш бўлса-да, аллақачон катталар ўртасида мусобақаларда қатнашиб, тажриба тўплаб келаётган ёш истеъдодлардан 52 кг вазнда Ўзбекистон чемпиони Фозил Aбдумуродов, ёшлар ўртасида Осиё, жаҳон ва Олимпиада чемпиони, катталар ўртасида 60 кгда жорий йилги мамлакат чемпиони Aбдумалик Ҳалаков, 64 кг вазнда кумуш медаль соҳиби Мужибилло Турсунов, Aсадҳўжа Мўйдинҳўжаев, қолаверса , 91 кгда жиддий рақибларни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарила олган Жамшид Aбдуллаев, +91 кг да кумуш медални қўлга киритган норасмий жаҳон кубогида Россиянинг биринчи ва иккинчи рақамли боксчиларини мағлуб этиб, чемпионга айланган Лазизбек Мллажонов, гарчи, турнирларда кўп ҳам кўринмаса-да, аммо терма жамоа йиғинида доимий равишда машғулот ўтказадиган яширин истедод, 69 кг вазнли Билолбек Мирзараҳимовларни этироф этардим. Шунингдек, ҳозирда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида мусобақаларда зафар қучиб келаётган мамлакат ва Осиё чемпиони, ҳалқаро турнирлар ғолиби, оғир вазнли Жаҳонгир Зокиров, 81 кгда Шоҳжаҳон Aбдуллаев, 75 кгда Логин Петров ва 52 кгда Мирзабек Мирзаҳалиловларни таъкидлаб ўтиш мумкин.
Фикрлар