Ўзбек футболчисига “Спартак”, “Зенит” ва ЦСКА қизиқаётгани тасдиқланди!
Ўзбекистонда тарбияланган истеъдод эгаларининг Европа мамлакатлари лигаларидаги клублар эътиборини тортаётгани миллий футболимизда ривожланиш жадал суръатлар билан давом этаётганидан далолат беради.
Айниқса, “топ-5” таркибига кирувчи Франция чемпионатида порлаётган “Ланс”даги Абдуқодир Ҳусанов, Россия Премьер-лигасининг энг ёрқин талантларидан ҳисобланган ЦСКАдаги Аббосбек Файзуллаевнинг ўйини бошқа ёшларимиз учун кучли лигаларга йўл очмоқда.
Яқинда Испания юқори дивизиони вакили “Леганес” Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоларидан Лазизбек Мирзаевни ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди. 17 ёшли футболчимиз январь ойидан “Леганес” ёшлар жамоаси қайдномасига киритилади ва учрашувларда қатнашишига рухсат берилади.
Энди кўпчиликнинг эътибори яна бир 17 ёшли истеъдод эгаси Азизбек Тўлқинбеков атрофидаги вазиятга қаратилди.
Таниқли инсайдер Иван Карпов Россия гранд клублари “Бунёдкор” тарбияланувчисига қизиқаётганини ёзди. Манбага кўра, истеъдодли ҳимоячини “Спартак”, “Зенит” ва ЦСКА ўз сафига қўшиб олишни мўлжалламоқда.
Россия футболини ёритиб келаётган sport24.ru портали ушбу маълумотни аниқлаштириш мақсадида “Бунёдкор” матбуот хизматига мурожаат қилди.
- Бу клублар томонидан қизиқиш бўлаётгани рост, лекин Тўлқинбеков бўйича ҳали расмий таклиф келмади, - деб вазиятга аниқлик киритди “Бунёдкор” матбуот хизмати.
Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, ФИФА қоидаларига кўра, 17 ёшли футболчи легионер сифатида профессионал шартнома туза олмайди. Тўлқинбеков 10 февраль куни 18 ёшга тўлганидан кейин хориж клубларида уни трансфер қилиш имкони пайдо бўлади.
Азизбек Тўлқинбеков “Бунёдкор” тарбияланувчиси. Универаллиги билан ажралиб туради. Асосий амплуаси марказий ҳимоячи. Бироқ ўнг қанот ҳимоячиси ва таянч ярим ҳимоячи сифатида ҳам ўйнай олади.
The Guardian нашри ҳамюртимизни 18 ёшгача бўлган дунёнинг энг иқтидорли 60 нафар энг иқтидорли футболчилари рейтингига киритган.
Азизбек Тўлқинбеков Ўзбекистон U-17, U-20, U-21 терма жамоаларида мунтазам ўйнаб келмоқда.
“Бунёдкор” сафида Ўзбекистон Суперлигасида 17 та учрашувда иштирок этиб, жами 1017 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Шунингдек, мамлакат кубоги доирасида тўртта ўйинда қатнашиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари, ўз ҳисобига битта гол ҳам урди.
Тўлқинбековнинг пойтахт клуби билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 31 декабрига қадар давом этиши белгиланган. Ёш футболчи ҳозир Transfermarkt портали томонидан 250 минг еврога баҳоланмоқда.
Фикрлар