Ўзбек футболида япониялик таниқли мураббий иш бошлайди

Ўзбекистон ҳамда Япония футбол ассоциациялари ўртасида ўтказилган музокаралардан сўнг юртимизда фаолият юритиш учун япониялик таниқли болалар ва ўсмирлар футболи мутахассиси Тецуя Цутида таклиф этилди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда.

Юртимизга ташриф буюрган мутахассис билан узоқ муддатли шартнома шартлари муҳокама қилинди, шунингдек, ЎФА қошидаги 14 та болалар ва ўсмирлар академияларининг иш фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, иқтидорли футболчиларни селекция қилиш, ўқув-машғулот жараёнларини самарали олиб бориш, ёш футболчиларни тўғри овқатланиш меъёрлари, витаминизация жараёнлари ва бошқа бир қанча муҳим масалалар ҳақида атрофлича келишиб олинди.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов учрашув давомида японларга хос бўлган профессионализм ва ишга бўлган ёндашув юртимиздаги болалар футболига зарур эканлигини таъкидлаб ўтди.

Маълумот учун, Тецуя Цутида 23 йил давомида Япониянинг энг номдор клубларидан бири бўлган “Кашима Антлерс”нинг ёшлар жамоаси мураббийи сифатида ишлаган.

Бундан ташқари, U12, U15 ва U18 тоифаларидаги футбол жамоаларига раҳбарлик қилган. Япония миллий терма жамоасига 20 дан ортиқ футболчиларни етиштириб берган. Шунингдек, Цутида 2016 йилдан буён “C” тоифали мураббийлар учун, 2017-йилдан эса “Б” тоифали мураббийлар учун инструктор сифатида таълим бериб келмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!