"Ўзбек клуби билан шартнома тузишга жуда яқин келгандим" - "Зенит" мураббийи SPORTS.UZ учун эксклюзив интервью берди

Россиянинг номдор клуби ва чемпиони Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоасини барчамиз яхши биламиз. Яқинда бу клуб Абу-Дабидаги йиғин чоғида Самарқанднинг “Динамо”сига қарши ўртоқлик учрашувида 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Юртимизда “Зенит” клубининг мухлислари кўпчиликни ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев хорижлик мутахассислар билан эксклюзив суҳбатларни уюштиришда давом этади. Бу сафар айнан “Зенит” клуби мураббийи – бразилиялик  41 ёшли Виллиам де Оливейра сайтимиз “меҳмони”.

Клуб матбуот хизмати раҳбари Антон Макаренко билан боғландик ва бир қанча муддат суҳбат ташкил қилиш юзасидан мулоқотлар олиб бордик. Натижада бразилиялик мутахассис сайтимиз учун интервью беришга розилигини айтди. У бош мураббий Сергей Семакнинг биринчи ёрдамчиси саналади.

- Жаноб Оливейра, сизни Ўзбекистондан, Sports.uz сайтидан безовта қиляпмиз. “Зенит”нинг янги мавсумга тайёргарлиги бошланди. Чемпионлик мавсумидан сўнг ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Салом. Чемпионлик мавсумидан сўнг ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Лекин ҳозир янги тарих бошланган, янги чемпионат ҳам. Сиз тўғри гапирдингиз, тайёргарлигимиз старт олган. Бизда ҳозир жуда муҳим палла. Ўйинчиларнинг ҳолатини яхшилаб текшириб олгани вақтимиз бор. Футболчиларни аввалги ўйин ритмига қайтариш учун ҳаракат қиляпмиз. Шунинг учун юқори кайфиятда ишга киришганмиз. 2 март кунги чемпионат ўйинига тайёр бўлиш учун жуда яхши кайфиятда тайёргарликка киришганмиз. Биз “Зенит”миз, доим юқори натижаларни олдимизга қўямиз ва ҳар доим ютишни хоҳлаймиз.

оливейра

- “Зенит” ўртоқлик ўйинида Самарқанднинг “Динамо”сини 5:1 ҳисобида ютди. Бу ўйинга қандай изоҳ билдира оласиз?

- Ишқибозларимизни ушбу ғалаба билан табриклайман. Бизни бу ўйиндаги асосий вазифамиз футболчиларни кўриш ва ўрганиш эди. Уларни қанақа ҳолатдалигини билишдан иборат. Кўриниб турибдики, йиғинлар бўлишига қарамасдан ўйинчиларимизни спорт формаси яхши ҳолатда. 5 та гол урганимиз албатта яхши. Барча эътиборни тайёргарликка қаратганмиз. Энг асосийси, ўйинчиларнинг жароҳат олмаслигидир.

- Бизга ўзбек футболи ҳақидаги фикрларингиз қизиқарли. Сиз юртимиз футболи ҳақида нималарни биласиз?

- Кузатиб бораман, аммо доим ҳам эмас. Менда ажойиб қизиқарли тарих бор. Футболчи сифатида “Уфа” клубидан кетганимдан сўнг бир ўзбек клуби билан шартнома тузишга жуда яқин келгандим. Аммо, афсуски бу амалга ошмаган. Адашмасам, ўшанда “Локомотив” клуби билан гаплашгандик. Лекин бу узоққа бормади. Шу гаплашганимиздан кейин мен профессионал фаолиятимни тугатдим. Қизиқарли воқеа шунда бўлганди. Агарда фаолиятимни тугатмаганимда мен Ўзбекистон чемпионатида тўп суришим мумкин эди.

оливейра3

- Ўтган йили ўзбек мутахассиси Улуғбек Бақоев “Зенит” клубида амалиёт ўтаб қайтди. Сиз уни эслайсизми?

- Ҳа, эслайман. Агар адашмасам, у бизга малака оширгани келганди.

- Бугунги кунда кўпчилик Россия чемпионатида ўйнаётган ватандошимиз Аббос Файзуллаев ҳақида ижобий фикрлар билдиришяпти. У сиз учун Россия чемпионатининг сюрприз ўйинчиси бўлдими?

- Ҳақиқатда Файзуллаев жуда яхши бошлади. Россия футболидаги дастлабки поғоналари ажойиб. У сифатли футболчи эканлигини кўрсатиб қўйди ва барчага илк кунлариданоқ яхши техникаси борлигини ҳам намойиш эта олди. Кўриниб турибдики, у анча истиқболли йигит. Унга қойил қолиш керак. Биринчи йилдаёқ таркибга қўшилиб, қандай даражадаги футболчи эканлиги кўринди.

оливейра4

- “Зенит” мураббийлари Файзуллаевни ўз жамоасида кўришни хоҳлайдими?

- Бизда кўп ўйинчилар бор. Файзуллаев эса ЦСКА футболчиси. Бошқа клуб ўйинчилари ҳақида тўхталишни ёқтирмаймиз. Ўзимизда сифатли ўйинчилар етарли.

  - Фаолиятингиз давомида ўзбек жамоаларига қарши ўйнаганмисиз?

- Ўйлайманки, ҳа. 2 ёки 3 марта йиғинлар мобайнида ўйнаганман. Биз ўзбек клубларига қарши тўп сурганмиз, аммо ҳозир тўлиқ эслай олмайман, айнан қайси жамоа билан ўйнаганимизни. Вагиз Галиулин мен билан бирга “Уфа”да бўлганди. Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси эди. Ўйлайманки, Ўзбекистон жуда ҳам қизиқарли мамлакат. Мени Ўзбекистонда яшаган ва тўп сурган танишларим кўп. Улар менга доим бу мамлакат ҳақида ижобий фикрларни айтишган.

оливейра5

- Биламизки, “Зенит”да кўплаб бразилиялик легионерлар бор. Уларни клубга келиши бевосита сиз билан боғлиқми?

- Дарҳақиқат, “Зенит”да бразилиялик футболчилар кўп. Бироқ уларнинг жамоага келиши мен билан боғлиқ эмас. Бизнинг клубда скаутлар ишлашади ва спорт директори, раҳбарият ҳамда бош мураббий бор. Кўпроқ ўйинчиларни улар таклиф қилишади. Албатта, мен ҳам улар билан гаплашаман. Қачонки, шартнома имзолаб бўлингач. Суҳбатлашаман ва ўз фикрларимни айтаман. Аммо мен шартнома имзолаш ҳамда клубда қолишини ҳал қилмайман. Бу менга боғлиқ эмас.

- Сиз Шомуродовни анчадан бери кузатиб борасизми? Россиядан кетганидан кейин янада ўсдими ёки...

- Шомуродовни Россия чемпионатида “Ростов”да ўйнаганидан бери яхши танийман. Уни сифатли ўтказган мавсумларини эслайман. Кўплаб голлар урганини биламан. Шундан сўнг Италияга кетганди. “Рома”га ўтганидан кейин ҳам Элдорни кузатиб бордим. Ҳозир эса у бироз бизнинг “радар”имиздан четга чиққанга ўхшаяпти. Футболчида баъзида ишлари юришиши ёки юришмаслиги мумкин. Россия чемпионатида ўйнаган ҳар қандай ўйинчи бизнинг назоратимизда бўлади.

оливейра2

- “Зенит” бош мураббий Сергей Богдановичга қандай таъриф берасиз?

- Сергей Богданович ҳақида доим ажойиб фикрдаман ва илиқ сўзларни айтаман. Биз анчадан бери бирга ишлаб келяпмиз. Уни жуда яхши биламан. Сергей Богданович яхши инсон. Бир-биримизни яхши тушунамиз. Келажакка ишонч билан қарайдиган катта қалб эгаси ва ақлли инсон сифатида биламан. У жамоани бошқаришни билади. Шунинг учун ҳозир “Зенит”да. Унинг олдида оддий бўлмаган вазифа бор. Сергей Богдановични ўз оиламдаги каби кўраман. Бизни ажойиб алоқамиз мавжуд. Унга чуқур миннатдорлик билдираман. Биз узоқ йиллардан бери бирга ишлаб келяпмиз ва ўртамизда дўстона алоқаларимиз бор.

оливейра6

- Қатарда Осиё Кубоги мусобақаси давом этяпти. Уни кузатяпсизми? Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятлари ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Ҳа, мен кўряпман. Ҳар замонда “обзор”ларини кузатяпман. Барча ўйинларни кўргани имконият йўқ. Чунки бизда айни пайтда қизғин тайёргарлик ишлари кетяпти. Шунинг учун натижалар билан қизиқиб турибман. Охирги марта Ўзбекистоннинг 3:0 ҳисобида ютган ўйинини кузатдим. Шу ўйинда Файзуллаев яхши ҳаракат қилди. Қачонки, кўришга имконият бўлиб қолганида кузатиб турибмиз.

- Ўзбек футбол мухлисларига қандай гапларингиз бор? Олдин мамлакатимизда бўлганмисиз?

- Ҳозирча Ўзбекистонда бўлиш насиб қилмади. Лекин ишонаманки, юртингизга албатта бораман ва бу мамлакатни кўриб келаман. Ўзбек мухлисларига омад тилайман. Сизларнинг футболингизда ажойиб ёшлар етишиб чиқишяпти. Осиё Кубогида яхши таассурот қолдиришмоқда.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abdushukurov Odilbek
26/01/2024 23:37
Braziliyalik murabbiy o'zbek futbolini qayoqdan bilsin. Shunaqa savol nega kerak.