Ўзбек клублари Суперлига янги мавсумига қандай тайёргарлик кўрди? (2-қисм)

Мақоламизнинг биринчи қисмида Суперлига ўтган мавсумида кучли тўртликдан ўрин олган жамоалар ҳақида фикр юритган эдик. Улардан баъзиларини бу сафар ҳам бош соврин учун асосий даъвогарлар қаторида тилга олган бўлсак, айримларини ҳозирги ўрнини сақлаб қолишга ҳам қийналишини тахмин қилдик. Бугун суҳбатимиз марказида бўлиши кутилаётган клубларни эса, на медаллар тақдим этадиган ва на қуйи дивизионга тушиб кетадиган ҳудудда кўрмадик. Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, улар Суперлиганинг ҳақиқий ўртамиёна жамоалари. Бироқ улар орасида бу мавсум ўз олдига катта мақсадларни қўйган, юқоридаги фикрни истисно қилиши мумкин бўлган клублар ҳам йўқ эмас. Бу ҳақда эса мақола давомида бафуржа фикр юритамиз. Демак, сўзни “Қўқон-1912”дан бошлаймиз.

photo_2020-09-03_16-52-01

“Қўқон-1912”

Ортда қолган мавсумни 5-поғонада якунлаган Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги қўқонликлар бу сафар ҳам ўртамиёналикни ўз бўйнига олгандек кўринмоқда. Сабаби, жамоанинг ҳозирги таркибини медаллар учун курашиш учун етарли, дейиш мушкул. Шу билан бир қаторда, жамоа олдида Про лигага тушиб кетиш хавфи йўқ. Қувондик Рўзиев, Ботирали Эргашев каби асосий таркиб вакилларини қўйиб юборишга мажбур бўлган клуб, улар ўрнига Асадбек Собиржонов, Элдор Адҳамов, Андрей Сидоров каби маҳаллий футболчиларни олиб келди. Шунингдек, сербиялик Славко Лукич билан ҳам шартнома имзолаган Ашурматов жамоаси исталган гранд учун муаммо туғдиришга қодир.

Бош мураббий ички биринчиликдаги кўзга кўринган мутахассислардан бири. Бу ҳам катта устунлик бериши табиий. “Насаф”, “Бунёдкор” каби “Қўқон-1912” ҳам мавсумолди йиғинларини Ўзбекистонда ўтказди. Аслида, мақсадлари ва бюджети катта бўлмаган жамоа хориж йиғини учун улкан маблағ сарфлаши ҳам мантиққа тўғри келмайди, назаримизда. Чет эл клублари билан назорат учрашувлари ўрнига қўқонликлар “Ҳоким кубоги”да иштирок этди. Ушбу турнир ярим финалига қадар етиб келган водийликлар пенальтилар сериясида “Истиқлол”га имкониятни бой бериб қўйди.

қўқон

“Сўғдиёна”

Жиззахликларда ҳам деярли шундай ҳолатга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Гарчи сўнгги йилларда анча ўсишга эришган бўлса-да, Бақоев жамоаси ҳамон грандларга рақобат туғдиришга қийналяпти. Катта трансферларсиз бунга эришиш мушкул. Клуб яна Норхонов, Ҳасанов, Шайқулов каби етакчиларга боғланиб қолиши эҳтимоли юқори. Боз устига, “Сўғдиёна”да Суперлига юлдузларини етиштириб берган академия ҳам йўқ. Шунга қарамай, имкон қадар рақобат туғдиришга уринётган жиззахликлар яхши "уй жамоаси" саналади. Мавсумолди йиғинларини ўтказиш учун хорижга боришига эҳтиёж туғилмаган Бақоев жамоасидан ўтган мавсумдаги натижани кутиш адолатдан бўларди, назаримизда.

7_1

“Металлург”

Барча ўртамиёна клублар сингари “Металлург” ҳам мавсумолди йиғинларини Ўзбекистоннинг ўзида ўтказди. Трансфер ойнасида берилган имкониятдан унумли фойдаланган жамоа ўз таркибини бир неча тажрибали футболчилар билан тўлдирди. Ярим мавсум легионер сифатида ҳаракат қилиб келган Акбар Исматуллаев, ички чемпионатда ўзининг яхши ўйинлари билан таниш бўлган Иван Нагаев каби футболчилар бекободликлар сафини тўлдирди. Шунингдек, Шаҳзод Нурматов “Шахтёр” Солигорскка кетган Убайдуллаев ўрнини босиш учун АГМКдан олиб келинди. Бу мавсумда ҳам Шипилов шогирдлари Суперлиганинг ўрта поғоналарини банд этиши кутилмоқда. Улар кўрсатаётган ўйин мазмунли ва шиддатли тўқнашувлар туҳфа этишга қодир. Ички чемпионатга шунинг ўзи ҳам етарли, аслида. Биз ҳам камтаргина “Металлург”дан чемпионлик кутмаслигимиз айни ҳақиқат.

photo_2021-02-20_12-05-36

“Локомотив”

Бугун сўз юритмоқчи бўлган клубларимиз орасида бу мавсум Суперлига чемпионлиги учун даъвогар борлигини юқорида таъкидлагандик. Сезганингиздек, бу “Локомотив”. Янги мавсумда энг катта сюрприз бўлиши кутилаётган “темирйўлчилар” эътироф этса арзигулик ишларни амалга оширди. Аввало, хориждан мутахассис таклиф этилиши ва унинг атрофида яхши даражали футболчилардан иборат жамоа шакллантирилиши сўзимизга исбот бўла олади. Тимур Кападзе билан ички тартибни йўлга қўя олган жамоа янги мураббий қўл остида янада юқорироққа парвоз қилиши мумкин. Сидиқов, Қобилов, Рашидхонов, Қодирқулов каби савиялик футболчилар Суперлиганинг исталган клубини кучайтиришга қодирлигини ҳисобга олсак, янги мавсум интригаси жуда юқори бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Қўшимчасига, эски таркибда ҳам бир неча Суперлига юлдузлари ҳаракат қиларди. Испаниялик легионер трансферини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Ярим ҳимояни мустаҳкамлаш учун жамоага олиб келинган Барданка ҳам жамоани кучайтириши катта эҳтимол. Умумал олганда, “Локо” таркибидаги испанлар юртимизга шунчаки вақт ўтказиш ва пул орттириш учунгина келмаганига ишонамиз.

photo_2021-03-04_19-33-29

“Навбаҳор”

“Лочинлар” ҳам худди “темирйўлчилар” сингари хорижда ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Ташкилий жиҳатдан Суперлиганинг энг олди жамоаларидан бири ҳисобланадиган “Навбаҳор” ўтган мавсум мухлисларини анча ранжитди. Албатта, бундай шароитларга эга клубдан 9-ўриндан яхшироғи талаб қилинади. Бир неча кун аввал, ўз тақдимот маросимини ўтказган наманганликлар Қувондиқ Рўзиев, Баҳром Абдураҳимов сингари Суперлигада ўз номига эга футболчилчиларни ўз сафига қўшиб олганлигини расман маълум қилди. Шунингдек, Никола Тасич, Марко Путинчанин исмли легионерлар ҳам энди “Навбаҳор” либосида майдонга тушади. Ҳасанов бошқарувидаги “лочинлар” Суперлигада медаллар учун курашишга қодир, назаримизда. Бунинг учун нафақат Наманганда, балки меҳмондаги учрашувларда ҳам ўз кучини кўрсата олиш талаб этилади.

photo_2021-03-04_23-58-26

Юқорида номи тилга олинган клублар суперлигамизнинг ўтган мавсумдаги ўртамиёна жамоалари саналади. Мақоламизнинг кейинги сонларида баъзи ўртамиёна ва Суперлигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб борувчи клублар ҳақида сўз юритишга ҳаракат қиламиз. SPORTS.uz сайтини кузатишда давом этинг!

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
NASAF N-1
06/03/2021 01:38
USTASIGA FARQI YUQ