Ўзбек кўпкари усталари Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида ярим финалга чиқди

Кеча, 5 сентябрь куни ўтказилган ўйинларнинг учинчи кунида қирғиз кураши бўйича баҳсларда юртдошларимиз Миркомил Ахадқулов (-60 кг) ва Аъзамжон Анваржонов (-96 кг) бронза медалини қўлга киритишди. Бу ҳақда жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўйинлар давомида барча катта қизиқиш билан кузатиб бораётган улоқ кўпкари баҳсларида ҳам Ўзбекистон кўпкари бўйича миллий терма жамоаси муваффақиятли иштирок этмоқда. Ўзбекистон кўпкари бўйича миллий терма жамоаси 2018 йил 3 сентябрь куни ўтказилган Бошқирдистон Республикаси билан ўйинда 20:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 5 сентябрь Франция давлати жамоасини 19:6 ҳисоби маблуғ этиб ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

“B” гуруҳида ярим финал баҳслари бугун, 6 сентябрь куни Тошкент вақти билан 17:00 да Чўлпон-Ота шаҳридаги “Ипподром” аренасида ўтказилиб, унда миллий терма жамоамиз Қозоғистон Республикаси терма жамоалари билан баҳсга киришадилар. Ғалаба қозонган жамоа “А” гуруҳидаги Қирғизистон ва Россия термалари ўртасидаги ўйинларда ғолиб чиққан жамоа билан финалда учрашади. 

Бугун, 6 сентябрь санасида Ўзбекистон вакиллари гюлеш (Азарбайжон кураши),  аширтмали аба гюлеши  (Туркия кураши), улоқ кўпкари турлари бўйича баҳсларга киришади.

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрдан 8 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада дунёнинг 66 давлатидан ташриф буюрган 1556 нафар спортчи медаллар учун баҳс олиб бормоқда. Ўзбекистон делегацияси 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!