Ўзбек яккакураш олами вакиллари Алджамейн Стерлинг ва Пётр Ян жанги борасида фикр билдирди
Хабарингиз бор, 10 апрель куни "UFC 273" турнири бўлиб ўтади. Карддан ажойиб жанглар ўрин олган. Жумладан, иккинчи марказий жангда ўта енгил вазн тоифаси вакиллари Алджамейн Стерлинг ҳамда Пётр Ян ўртасидаги реванш ўрин олган.
Биринчи тўқнашувда Яннинг устунлиги остида кечаётган баҳсда айнан россиялик жангчи таъқиқланган зарба йўллаганлиги учун четлатилган ва ғалаба Стерлингга ёзилганди.
Мазкур реванш олдидан турли хил фикрлар янграмоқда. Биз анъанага содиқ қолган ҳолда, ўзбек яккакураш олами вакилларини фикри билан қизиқдик.
Маҳмуджон Жабборов - блогер
Ниҳоят, йилнинг энг кутилган ва адолат қарор топишига ишора қилаётган реванш бўсағасида турибмиз. Пётр Ян ва Алджамэйн Стерлинг олишуви бизни кўп жиҳатдан рақобатга эмас, балки, ҳақиқатни қарор топиши сабабли юқорилаётган интрига орқали ўзига ошуфта айламоқда. Петянинг сўнгги иккита жангдаги феноменал хатти-ҳаракатлари ким аслида ким эканлиги ҳақида саволларга умуман ўрин қолдирмади. Бу жанг ҳам кўп эҳтимол Яннинг нокаутли ғалабаси билан якунланишини тахмин қилмоқдаман. Албатта, йўл-йўлакай унда кичик қийинчиликлар бўлди: визали бўлишни узоқ кутиш, мураббийларининг "сеҳрли диёр"га чипта ололмагани, биринчи жангдаги қўпол хато хотиралари... Аммо, ушбу ҳодисалар "No Mercy"га депрессиядан кўра кўпроқ мотивация улашажакдек гўё. Бекорга унга кўпчилик тарихдаги энг ҳиссиз чемпион дейишмайди!
Мавлонбек Қаҳҳоров - муайтайчи
- Очиғи Пётр Янга мухлислик қиламан. Бироқ, Стерлинг ҳам аввалги жангдан хулоса қилган ҳолда, бу сафар яхши хозирлик кўрган бўлса керак. Имкониятларни 50/50 деган бўлардим.
Мирзоҳид Атабаев - мураббий
- Ҳар иккиси яхши савиядаги жангчи ҳисобланади. Гарчи, биринчи жангда Стерлинг у қадар ёрқин таассурот қолдирмаган бўлса-да, аслида имконияти юқори жангчи ҳисобланади. Бироқ, Пётр хақиқий қайтмас! Унда ранг-баранглик бор ва нокаутчи ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда имкониятларни 50/50 дейишим мумкин.
Фаррух Мадаминов -мураббий
- Қизиқарли жангни гувоҳига айланамиз. Аввалгисида Ян тўлиқ устунлик қилганди. Россиялик жангчининг арсенали бойроқ ва у бу сафар ҳам ғалаба қозонади, деган фикрдаман.
Мавлуд Тифиев - муайтайчи
- Бу сафар ҳам Пётр Ян яққол устун деб айта оламан. Ўтган сафар биргина хато туфайли, тайёр ғалабани бой берганди. Бу гал у жангни муддатидан аввал якунлайди, деган фикрдаман. Жанг узоғи билан 4-раундда ўз якунига етади.
Нурали Бакирдинов -мураббий
Яққол фаворит Пётр Ян! У бу сафар ҳам катта устунлик эвазига ғалаба қозонади. Қийинчиликка учрайди, деб айта олмайман. Биринчи жангда ҳам Янни қандай ишлаганига барча гувоҳ бўлганди.Шунчаки таъқиқланган зарба унга қимматга тушган. Иккинчи жангда ўшани аламини ҳам олади.
Диёр Муталибов - ММА жангчиси
- Чиройли ва қизиқарли жанг бўлади, Имкониятларга тўхталсак, барибир Пётр Янни бироз устунлиги бор. У "стойка"да беназир ва кучли зарбаларга эга. Стерлинг "партер"да нимадир қилмаса, бошқа томонлама Янга кучи етмайди, деб ўйлайман.
Ҳумоюддин Мухторов - ММА жангчиси
- Пётр Ян бу вазн тоифасидаги энг кучлиси, десам янглишмаган бўламан. Унга фақат Диллашоу жуда қийин рақиб бўлиши мумкин. Биринчи жанг уларнинг орасидаги даражани кўрсатиб қўйганди. Бу сафар ҳам худди шундай бўлади. Стерлингни бу сафар мўъжиза ҳам қутқариб қола олмайди.
Фикрлар