Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясида тезкор йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг мажлислар залида ташкилотнинг ишини ривожлантириш ва ундаги камчиликларни бартараф этиш мавзусида тезкор йиғилиш ўтказилди. Унда ассоциациянинг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, бош мураббий, бош ҳакам ва маъмурий-бошқарув ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда ассоциация раиси худудий бўлим раҳбарлари билан танишиб, уларнинг талаб ва таклифларини тинглади. Албатта, бугунги кунда бўлимларда иш даражаси қониқарли, деб бўлмайди. Тезкорлик билан янгри режа асосида иш олиб бориш кераклиги, мавжуд камчиликларни бартараф этиб, мураббийлар фаолиятини яхшилаш, йўл қўйилган хатолар устида ишлаб, уларни тўлиқ ўрганиб чиқиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Спортчиларнинг белбоғлар таснифи учун йиғиладиган бадал пулларини қонуний тарзда ҳудудий федерациялар ихтиёрида қолдириш, вилоятларда етишмаётган жиҳозларни аниқлаб чиқиш, Олимпия ўйинлари вазн тоифаси бўйича сараловчи турнир иш режасини тайёрлаш, вилоятлардаги иқтидорли спортчилар рўйхатини тузиш, шунингдек, халқаро ҳакамлик тоифаларига эга реферилар сонини ошириш ва уларнинг халқаро семинарлардаги иштирокларини таъминлаш энг долзарб масалалардан эканлиги қайд этилди. Ушбу йиғилишда белгиланган барча ишлар юзасидан тўлиқ назорат ассоциация раҳбари зиммасида қолдирилди.

Манба: МОҚ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!