Ўзбекистон 350 нафардан ортиқ спортчи билан "қитъа олимпиадаси"га йўл олмоқда

Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган XIX ёзги Осиё ўйинларига катта тайёргарлик кўрди. Мусобақа режа бўйича 2022 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўтказилиши лозим эди. Бироқ ўша давр Хитойда коронавирус инфекциясининг навбатдаги тўлқини бошлангач, мазкур мусобақанинг бекор бўлиш хавфи юзага келди. 2022 йил 6 май куни Тошкентда ўтган Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилишида мамлакат комплекс мусобақа 2023 йилга сурилишини расман маълум қилди.

Ханчжоу-2022 мустақил Ўзбекистон учун саккизинчи ёзги Осиё ўйинлари бўлади. Хитойда делегациямиз ўз тарихидаги энг катта таркиб – 30 дан ортиқ спорт турида 350 нафардан зиёд атлет билан иштирок этади. Ҳамюртларимиз бу галги “қитъа Олимпиадаси”да баскетбол 3х3, қояни забт этиш, замонавий бешкураш, чим устида хоккей, сув полоси, спорт рақси, е-спорт ва шахмат дастурларида дебют қилишади.

Ўзбекистон делегациясининг Осиё ўйинлари тарихида умумжамоа ҳисобидаги энг яхши иштироки 1994 йил Хиросима, 2002 йил Корея Республикаси ва 2018 йил Индонезияда ўтган ўйинларга тўғри келиб, уларда мамлакатимиз бешинчи ўрини қўлга киритган. Медаллар жамғариш бўйича энг яхши кўрсаткичимиз эса 5 йил аввал Индонезияда ўтган XVIII Осиё ўйинларига тўғри келади. Унда делегациямиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, жами 70 та медаль жамғарган.

Бу галги “қитъа Олимпиадаси” бир қатор спорт турларида Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналиши билан янада аҳамиятли. Мусобақа давомида бокс, замонавий бешкураш, камондан отиш, брейкденс, чим устида хоккей, теннис, сув полоси, елканли спорт, синхрон сузиш дастурларида атлетлар медаллар қатори Олимпиада лицензиялари учун ҳам кураш олиб боришади.

Мусобақанинг 1 йилга кечиктирилиши сабаб баъзи дастурлардаги баҳслар Париж-2024 Олимпиадаси учун квалификация вазифасини ўтаб бермоқда. Шу боис, унга бўлган қизиқиш янада ортди. Демак, бу галги Осиё ўйинлари ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли ва шиддатли руҳда ўтишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Мусобақа олдидан спорт мутасаддилари ва журналистлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда қатнашган "Халқ сўзи" мухбири фоторепортаж тайёрлади. 


photo_2023-09-12_17-56-37

photo_2023-09-12_17-56-37 (2)_1

photo_2023-09-12_17-56-36 (2)

photo_2023-09-12_17-56-35


photo_2023-09-12_17-56-34

photo_2023-09-12_17-56-34 (2)

photo_2023-09-12_17-55-51

photo_2023-09-12_17-55-51 (2)

photo_2023-09-12_17-55-49

photo_2023-09-12_17-55-48

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!