Ўзбекистон Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилиши мумкин
Жорий йилнинг 28 июль – 8 август кунлари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, шахмат беллашувларидан ташқари 2026 йилда ташкил этиладиган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мезбонлиги учун тендер тадбирлари бўлиб ўтади.
Бугун пойтахтимизда жорий йилги олимпиада доирасидаги мусобақалар, шунингдек, 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мезбонлиги учун ўтказиладиган тендерда муносиб иштирок этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Манбага кўра, йиғилишда 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида қатнашадиган мутасаддилар, мусобақаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва делегация таркиби муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси шахмат оламидаги энг нуфузли мусобақа бўлиб, 1924 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. FIDE бош ассамблеяси томонидан 2026 йилги олимпиада мезбонлиги учун эълон қилинган тендерда халқаро тоифадаги шахмат усталари, гроссмейстерлар диёри сифатида ватанимиз Ўзбекистон ҳам номзод сифатида иштирок этади.
Фикрлар