Ўзбекистон футбол ассоциацияси мураббийлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

ЎФA раҳбарияти терма жамоаларнинг мураббийлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳисоботи ва кейинги мусобақага тайёргарлик режалари билан танишди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилиш давомида ҳар бир ёш тоифасидаги мураббийлар ўз ишига замонавий, режали ва бугунги кун жаҳон футболидаги талабларга мос равишда ёндашиши зарурлиги таъкидланди. Тайёргарлик жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиш, мураббийлар штабида эса доимий равишда таҳлилчилар, селекционерлар ва тўлиқ тиббий таркиб бўлиши талаб қилинди.

photo_2022-05-26_15-02-04

Турли ёш тоифасидаги 17 та терма жамоаларимизнинг барчасига ягона футбол фалсафасини сингдириш, футбол менталитетидан келиб чиқиб асосий йўналишларни белгилаш масаласи ўртага ташланди. Бу борада мураббийлар кенгашининг тажрибали вакиллари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.

- Ўтказилган учрашувлар, бўлажак рақиблар, ҳар бир футболчининг хатти-ҳаракатлари синчковлик билан ўрганиб чиқилиши ва таҳлил этилиши зарур. Дунё футболи билан ҳамнафас бўлиш, таҳлилий ва танқидий ёндашиб, ўз устида ишлаган ҳолда натижаларни яхшилаб бориш ҳар бир мураббийнинг вазифаси, - деди Равшан Эрматов.

photo_2022-05-26_15-02-06

Йиғилишда, шунингдек, болалар-ўсмирлар ва аёллар футболини ривожлантириш, селекция жараёнини янада кучайтириш, турнирларга футболчиларни нафақат жисмонан, балки кучли техник-тактик тайёрлаб бориш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг CAFA турниридаги иштироки ижобий баҳоланди. Ўз навбатида, ўсмирлар терма жамоаларига ўйинчилар етиштириб беришда алоҳида тизим йўлга қўйиш, бу борада академияларнинг фаолиятидаги узвий занжирни мустаҳкамлаш, мураббийларни хорижда малака оширишларини ташкил юзасидан таклифлар билдирилди.

Мутахассислар томонидан олдинда турган мусобақаларга тизимли тайёргарлик кўриш режаси ишлаб чиқилиб, барча ёш тоифасидаги жамоалар учун татбиқ этиш вазифаси қўйилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!