Ўзбекистон ҳам сенсация қила оладими?
2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган жамоалар ўз гуруҳларида бирин-кетин биринчи тур учрашувларини ўтказмоқда. Мундиал давомида кутилмаган натижалар ҳам қайд этиляпти.
Хусусан, жаҳон чемпионлигига даъвогар Бразилия футболчилари Марокаш билан тўқнашувда базўр мағлубиятдан қутилиб қолди.
Иқтидорли ўйинчиларга эга бўлган Туркия кутилмаганда Австралия миллий терма жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
“К” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихий мундиалдаги илк учрашувини 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 7:00 да Колумбия терма жамоасига қарши ўтказади.
Бу баҳсни Абдуқодир Ҳусановга яхши таниш бўлган англиялик рефери Энтони Тейлор бошчилигидаги ҳакамлар бригасида бошқаради.
Айни пайтда футбол олами вакиллари мундиал муносабати билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва унинг футболчилари имкониятлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.
Хусусан, қозоғистонлик таниқли футбол мутахассиси ва функционери Булат Есмагамбетов Sports24.kz нашрига берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги имкониятларини баҳолади.
- Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиққанининг ўзи бутун мамлакат учун улкан муваффақият ва байрам.
Ҳозирнинг ўзида мусобақада сенсациялар кузатилмоқда. Масалан, Австралиянинг Туркияни кутилмаганда мағлуб этганини эслашнинг ўзи етарли.
Албатта, Ўзбекистон ҳам мухлисларни ёқимли тарзда ҳайратда қолдирса яхши бўларди. Жамоа жаҳон чемпионатида биринчи марта қатнашмоқда, шунинг учун улардан катта натижаларни талаб қилиш қийин.
Колумбияга қарши ўйин ҳақида айтсак, устунлик колумбияликлар томонида. Улар жаҳон чемпионатларида катта тажриба тўплаган жамоа.
Объектив қараганда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Конго Демократик Республикаси билан гуруҳда сўнгги ўринни эгалламаслик учун курашади, - деди Булат Есмагамбетов.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги футболчиларимиз гуруҳ босқичидаги иккинчи турда 23 июнь куни Португалияга қарши майдонга чиқади. Гуруҳдаги сўнгги баҳс 28 июнь куни Конго Демократик Республикаси вакилларига қарши ўтказилади.
Файзуллаев мундиал олдидан Каннаваро қандай маслаҳат берганини айтди
Аббосбек Файзуллаев ўзига янги жамоа танлади

Фикрлар