Ўзбекистон кубоги 1/16 финал учрашувига тайёргарлик давом этмоқда
Ads

 

Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2018 доирасидаги икки муҳим учрашуви боис 3-тур учрашувларидан бўш қолган ҳамшаҳарларимиз – "Металлург" футболчилари айнан тур учрашувлари ўтказилган санада пойтахтдаги "Бунёдкор" академияси майдонида мезбонларга қарши назорат-ўртоқлик учрашувини ўтказишди.

Биринчи навбатда футболчиларни ўйин амалиёти билан таминлашни мақсад қилган мураббийларимиз қўл остидаги ўйинчиларнинг барчасига майдонга тушиш имкониятини беришди. Ўз навбатида жароҳати боис дастлабки икки турда майдонга туша олмаган Муроджон Тошматовнинг машғулотларга киришганлиги мухлисларимизни хурсанд этмасдан қолмайди. Тошматов шу куни биринчи таймда тўлиқ фаолият юритди.

Учрашув эса мезбонларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Иккинчи таймда Сардорбек Азимов томонидан киритилган гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди. Мазкур ўйиндан кейин футболчиларга бир кунлик дам берилди. Душанба кунидан эса жамоамиз аъзолари Чирчиқдаги “Кимёгар” стадионида Ўзбекистон кубоги 1/16 финал босқичи учрашувига тайёргарликни бошлаб юборишди.

Эслатиб ўтамиз, қуръа натижасига кўра “Металлург” бу босқични Тошкентда – “НБУ-Осиё” жамоасига қарши ўтказади.

“Бунёдкор” – “Металлург” – 1:0. Назорат учрашуви.

Гол: Сардор Азимов.
Металлург:Суҳробжон Султонов, Ҳикмат Ҳошимов, Исломжон Қобилов, Мирғиёс Сулаймонов, Муроджон Тошматов, Аюбхон Нўмонов, Алишер Зиёвуддинов, Дониёр Исмоилов, Санжар Қодирқулов, Тимур Усмонов, Зоҳид Абдуллаев.
Заҳирадан майдонга тушганлар:Давронбек Каримқулов, Вусол Магеррамов, Достонбек Турсунов, Дилмурод Каримов, Дониёр Одилов, Жаҳонгир Абдумўминов, Камронбей Копадзе, Муҳаммадодил Қаҳрамонов, Фарҳод Намозов, Исломбек Исоқжонов.