"Ўзбекистон Кубогида масъулият катта" - "Андижон" футболчиси рақиблар ҳақида қандай фикрда?

Чемпионатни муваффақиятли бошлаган “Андижон” энди Ўзбекистон Кубогида ҳам юришини бошлайди. Албатта ҳозир эмас. Аммо Кубок баҳслари учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди ва табиийки, гуруҳлар барчани қизиқтирмоқда. “Андижон” эса “Н” гуруҳида “Динамо”, “Насаф” ҳамда “Навбаҳор” билан жойлашди. “Бургутлар” сафида ўзини кўрсатаётган футболчилардан бири Бектемир Абдуманнонов эса “Андижон” матбуот хизматига қуръа ҳақида интервью берди.

- Бектемир, Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичига қуръа ташланди. “Андижон” жой олган гуруҳ ҳақида фикрингиз қандай?

- Кубок босқичида ҳам яхши натижалар кўрсатиб, гуруҳдан чиқишни ният қиляпмиз. Гуруҳимизда яхши жамоалар бор. Бу эса бизга янада яхши тажриба бўлади, деб ўйлайман. Гуруҳимиздаги иккита ўйинни ўз майдонимизда ўтказамиз. Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қилишда давом этамиз.

- Деряли ҳамма “Н” гуруҳига “ўлим гуруҳи” дея ном беришяпти...

- Ҳозир ҳамма клублар ўзига яраша яхши. Қанча кучли рақиб бўлса, шунча яхши. Биз барча учрашувда майдонга фақат ғалаба учун тушамиз.

- Булар сиз кутган рақибларми ёки...

- Йўқ, бу жамоаларни кутмагандим.

- “Андижон” чемпионатни яхши бошлади. Суперлига билан Кубок баҳслари орасида сиз учун энг муҳими қайси?

- Жамоамиз билан Кубокда ҳам, Суперлигада ҳам ғалаба учун курашамиз. Ўзбекистон Кубогида масъулият катта. Ютқазсангиз мусобақани тарк этасиз. Кубок учрашувлари шуниси билан ҳам қизиқ.

- 30 март куни “Насаф” “Бобур Арена”да ўйнайди. Бўлажак учрашувга тайёргарлик қандай ва нима кутяпсиз?

- Жамоа билан машғулотларга жиддий киришганмиз. 23 март куни Қирғизистон U20 терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушамиз. Ундан кейин бор эътиборни 30 март кунида бўладиган ўйинга қаратамиз. Кайфият аъло даражада ва шундай руҳда ўйинларимизни давом эттирамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
22/03/2024 09:47
Яшанглар бор бу'линглар доимо галаба к,озонинглар