Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида институт ташкил этилди
Жорий йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузуридаги Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қуйидагилар эса ушбу қарорда белгиланган асосий вазифалар этиб белгиланган:
-Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ташкил этилиб, ушбу институт илмий-таълим муассасаси сифатида фаолият юритади.
-Институт параспорт бўйича мутахассислар, тренерлар, йўриқчи-услубчилар малакасини ошириш, уларни хорижда ўқитиш ва чет эллик мутахассислар тажрибасини ўрганиш ва бошқа тегишли фаолият турларини амалга оширади.
-Мутахассисларнинг малакасини ошириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
1. Тўғридан-тўғри малака ошириш (таълим дастурлари бўйича ўқитиш);
2. Илмий-тадқиқот муассасасида тажриба орттириш;
3. Хорижда тажриба орттириш;
4. Мустақил ўқиб билим орттириш;
5. Масофавий таълим.
-Мутахассисларни қайта тайёрлаш курслари юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртмалари ёки меҳнат бозорининг талаблари билан белгиланадиган айрим педагогларнинг қайта ихтисослашуви ёхуд янги мутахассисликка эга бўлиши муносабати билан Институт ташаббусига кўра шартнома асосида ташкил этилади.
-Мутахассисларни қайта тайёрлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
1. Педагогик қайта тайёрлаш;
2. Касбий қайта тайёрлаш;
3. Махсус ўқув курсларда ўқитиш.
-Параспорт бўйича мутахассислар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ёрдамида хорижга малака ошириш учун жўнатилади.
-Муассасани сақлаш ҳаражатлари 2022 йилда республика бюджети маблағлари доирасида, 2023 йилдан давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
-Институт вақтинчалик Тошкент шаҳри, Бешёғоч кўчаси 126-уй биносида фаолият кўрсатади ва келгусида уни Тошкент шаҳрида барпо қилинаётган “Олимпия шаҳарчаси”да жойлаштирилиши назарда тутилган.
Фикрлар