Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага Индонезиядаги турнирда иштирокини бошлайди

Октябрда бўлиб ўтадиган футзал бўйича Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳсларига ҳозирлик олиб бораётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Индонезияда ўтадиган халқаро мусобақада иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.

Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртадан старт оладиган халқаро мусобақада иштирокини бошлайди. 8 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада ғолиблик учун Индонезия, Хитой Тайпейи ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари, шунингдек, Ироқ терма жамоаси ўрнига қўшилган Малайзиянинг КЛ Сити ФК клублари баҳс олиб боришади.

Бугун мусобақа олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Баҳодир Аҳмедов қуйидагича фикр билдириб ўтди:

- Айни пайтда терма жамоамиз Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳсларига тайёргарлик олиб бормоқда. Ушбу мусобақа олдидан Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида ўтказилган “Чкалов Кубоги”да ҳам иштирок этдик. Мазкур икки мусобақадан кўзланган асосий мақсадимиз – таркибимиздаги футболчиларнинг ҳаракатларини кўздан кечириб, мавжуд камчиликларни билиб олиш ва уларни бартараф этиш саналади. Саралаш баҳсларига халқаро мусобақалардаги иштирок орқали ҳозирликни давом эттиряпмиз. Секин-аста ўз ўйинимизни шакллантириб боряпмиз. Индонезияда ўтадиган турнир давомида яхши ўйин намойиш этиб, якунда ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз, - деди мутахассис.

e8f415d1bfef4560e90a01895092435b90f73c7d

Мусобақа тақвими:

6 сентябрь

08:00 КЛ Сити ФК – Ўзбекистон

7 сентябрь

12:00 Индонезия – Ўзбекистон

8 сентябрь

10:00 Ўзбекистон – Хитой Тайпейи

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!