Ўзбекистон ММА терма жамоаси халқаро турнирда иштирок этади. Дастлабки рақиб маълум!
8-10 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида аралаш жанг санъатлари бўйича халқаро турнир - Санкт-Петербург губернатори кубоги бўлиб ўтади.
Мазкур турнирда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам иштирок этмоқда. 5 та вазн тоифасида иштирок этаётган терма жамоамиз шарафини -61 кгда ҳаваскорлар ўртасида икки кара Ўзбекистон чемпионати совриндор Беҳруз Исмоилов, -65 кгда 2 маротаба Ўзбекистон чемпионати кумуш медаль соҳиби, CAMMAC турнири ғолиби Шукуржон Иброҳимов, -70 кг вазнда Ўзбекистон чемпиони Маҳмуджон Одилов, -77 кгда Ўзбекистон чемпиони Асадбек Нормуродов ҳамда -83,9 кг вазнда эса Ўзбекистон чемпионати ва кубоги ғолиби, CAMMAC турнири чемпиони ва жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби Мунис Мўминжонов ҳимоя қилади.
Делегация мутасаддиси Отабек Мусаевнинг Sports.uz сайтига маълум қилишича, ушбу Халқаро турнирда 8 та жамоа иштирок этмоқда. Уларнинг 4 тасини мезбонлар яъни Россиянинг 4 округидан ташриф буюрган жамоалар ташкил этган бўлса, Ўзбекистон, Беларусь, Тожикистон ҳамда МДҲ терма жамоалари ҳам ғолиблик учун октагонга кўтарилади.
Бугун вазн ўлчаш ҳамда қуръа маросимлари ўтказилди ва ҳамюртларимиз дастлабки рақибларини билиб олишди. Унга кўра Ўзбекистон терма жамоаси дастлабки жангларни Беларусь вакилларига қарши ўтказади. Жанглар жамоавий 5/5 тарзда ўтказилади.
Шу ўринда вакилларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Фикрлар