Ўзбекистон МТЖ Ҳиндистон билан ўйинда нималарга эътибор қаратиши керак?
Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги иккинчи турида Ҳиндистон билан куч синашади. Биринчи турда Сурия билан дуранг ўйнаган терма жамоамиз танқидлар остида қолиб кетди. Буларни юмшатиш учун бугун бизни фақат ғалаба қониқтиради.
Сурияга қарши баҳсдаги ўйин ва тактика ҳали ҳам муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бу эътирозлар ўринли, албатта. Лекин энди уларга жавоб бериш лозим. Ўйин ва натижа билан.
Ҳозирги Сречко Катанецнинг икки ой олдинги Катанец билан фарқи бордек. Жаҳон чемпионати саралашидаги Сречко ўзига анча ишонган эди. Ҳозирги Катанецда дадиллик етишмаётгандик. Ҳимояни жуда кўп ўйлаб юбориши натижасида айтарли голлик имконият содир этилмади. Яратилган вазиятлар ҳам футболчиларимиздаги ишончсизлик офибатида йўққа чиқарилди. Аммо ҳозир ўтган турдаги хато ва камчиликларни қидиргандан кўра, бугунги ўйинга режа ҳақида ўйлаш тўғрироқ бўларди. Чунки бизни Австралия билан учрашув олдидан яна бир жуда муҳим тўқнашув кутмоқда.
Бугунги рақибимиз ҳимоядан ўйинни бошлаши тахмин қилинмоқда. Гарчи Ҳиндистон терма жамоаси бош мураббийи учрашувдан олдинги матбуот анжуманида биз ҳужумкор ўйин намойиш этмоқчимиз деган бўлса-да. Чунки улар кучли саналган терма жамоага қарши Сурия қўллаган услубдан фойдаланиши мумкин. Шунда очко олиш имконияти пайдо бўлади. Буни Ҳиндистон терма жамоаси яхши тушуниб турибди.
Бундай услубга қарши биз тезкор реакция кўрсатишимиз лозим. Айниқса, тезкор гол, балки голлар билан. Ана шунда рақиб олдинга тортилади. Бизда эса бўш ҳудудлар ва тезкор қарши ҳужумларга чиқиш имконияти юзага келади. 70-дақиқагача қолдирмаслик жуда муҳим. Чунки бизда кейин қийинчиликлар юзага келиши аниқ. Босим кўтарилиб боради. Айниқса, биринчи турдаги Сурия билан баҳсдаги ҳолат ҳам қўшилиб ҳавотир ошиб боради.
Шу боисдан ҳам тезкор ҳамла жуда муҳим. Шуни инобатга олиб ҳаракат қилиш даркор. Ўйлаймизки, терма жамоамиз бугун ўзига керакли бўлган ижобий натижани қўлга кирита олади. Биз Ўзбекистон миллий терма жамоасига ишонамиз.
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар