Ўзбекистон МТЖ нега кучли жамоалар эмас, балки Малайзия ва Иордания билан ўйнайди? - Сречко Катанецдан жавоб
Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияда йиғин ташкил қилмоқда. Ўқув-машғулотлар давомида вакилларимиз 9 октябрь куни Малайзия, 12 октябрда эса Иордания билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Бош мураббий Сречко Катанец ЎФА матбуот хизматига ўртоқлик баҳсларидаги рақиблар ва таркиб танланиши борасидаги фикрларини маълум қилди.
- Малайзия ва Иордания терма жамоалари ҳозирги кунда ЎФАда мавжуд бўлган вариантлар орасидан танлаб олинди. Ҳеч қандай бир алоҳида сабаб йўқ. Биз айнан ушбу икки жамоага қарши майдонга тушамиз, деб талаб қўймаганмиз. Айни пайтда ўртоқлик учрашувларига рақибларни топиш анча мушкул. Бундан ташқари бундай режалар олти ой ёки бир йил аввал амалга оширилиши керак.
Мен яқиндагина лавозимимга тайинландим, ЎФАда ҳам рақибларни қидириш бўйича кўп вақт бўлмади. Шу боис бу рақиблар мавжуд вариантлар орасидан танланди.
Бош мураббий учун вақт доим камдек туюлади. Айниқса, бизда барча футболчиларни кузатишга бир ойгина вақт бўлди. Янги футболчиларни йиғинга жалб этганмиз. Шу икки ўйинда иложи борича барчага ўйин амалиётини беришга уринамиз. Кейинги йиғинларда балки яна бошқа янги ўйинчиларни чақирармиз. Кўп нарса футболчиларнинг ўзига боғлиқ. Агарда улар берилган имкониятлардан яхши фойдаланса, албатта, кейинги йиғинларга ҳам жалб этилади. Лекин хато қилганларга ҳам имконият бериш лозим, кейинги сафар ўзини кўрсатиши мумкин. Иложи борича кўп футболчиларни терма жамоада синаб кўрмоқчимиз, - деди Сречко Катанец.
Фикрлар