"Ўзбекистон мундиалда қатнашганида улардан кам ўйин кўрсатмасди, Роналдуда "Ал-Наср"га ўтиш варианти кўпроқ" - Сардор Рашидов

Қатар чемпионатида тўп сураётган Сардор Рашидов айни пайтда у ердаги мундиални жонли равишда кузатиш имконига эга бўлиб турибди. “Умм Салал” клуби аъзоси Sports.uz журналистининг мундиал билан боғлиқ саволларига жавоб қайтарди.

- Жаҳон чемпионати баҳсларини ўз кўзингиз билан жонли равишда кузатиб боряпсиз. Ҳозиргача қайси ўйинларни бевосита стадиондан томоша қилдингиз?

- Жаҳон чемпионати ўйинларига тушдим. Албатта, жуда қизғин кетмоқда. Фақат Португалия терма жамоаси иштирокидаги учрашувларга бордим. Учта ўйинига укам билан биргаликда ташриф буюрдик.

- Ҳа, укангиз Саҳоб Рашидов ҳам сиз билан бирга Дохада экан. Мундиал учун келган-а?

- Албатта, укам ўзим билан бирга. Жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун келди. Худо хоҳласа, 15 декабрда қайтади. Финални кўра олмайди. Чунки Ўзбекистонга қайтиб ўзи ҳам клуби билан машғулотларни бошлаши керак. Укамда ҳам жаҳон чемпионати яхши таассурот қолдирди. Юлдуз футболчиларни яқиндан кўриб хурсанд бўлди.

сардор3

- Қайси терма жамоага мухлислик қиласиз деб сўрамоқчи эдим, юқоридаги жавобингиздан маълум. Ким чемпион бўлади деб ўйлайсиз?

- Ҳа, Португалия терма жамоасига мухлислик қиляпман, шунингдек, Аргентинага ҳам. Лекин ўйлашимча, иккаласи ҳам финалга чиқа олмайди. Менинг назаримда Франция билан Бразилия чиқса керак, деб ўйлагандим. Аммо Бразилия чорак финалда ютқазиб қўйди.

- Қатарни яхши биласиз ва у ерда анчадан бери тўп сурасиз. Шундай экан, уларнинг мундиалга тайёргарлиги жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхшиси дейишяпти. Бу гаплар ростми ва сизни нимаси билан ҳайрон қолдиришмоқда?

- Қатар жаҳон чемпионатига жуда яхши тайёргарлик кўрган. Қолаверса, майдонлари аъло даражада. Футбол шароитига жуда мослаштирилган. Ўзингиз биласиз, Қатар давлати катта маблағга эга. Шунинг учун уларга жаҳон чемпионатини ўтказиш қийин бўлмади. Қолаверса, араб давлатлари орасида Қатар ушбу нуфузли турнир орқали ўз мавқеини янада кўтариб олди.

сардор2

- Ёқтирган футболчингиз - Роналду атрофидаги гап-сўзларни эшитаётгандирсиз. "Ал-Наср"га ўтиши ҳақида миш-мишлар чиқди. Кўпчилик бунга ишонди ҳам. Сиз-чи?

- Биласиз, бу – Криштиану Роналду! Тўғриси, мен ҳам бу ҳақида ўқиб ҳайрон қолдим. Чунки 5 карра олтин тўп соҳиби, Европа Чемпионлар лигаси ғолиби ва Европа чемпиони бўлган футболчига бунчалик тош отилиши керак эмас. Аммо мевали дарахтга тош отилади, дейишади-ку. Роналду – бу Роналду! “Ал-Наср”га ўтиши фақат гап-сўз. Агар шартнома тузсагина ишонамиз. Бунга ўхшаган ҳар хил гап-сўзлар чиқаверади. Менимча, “Ал-Наср” берадиган маблағ бу осонгина кўз юмиб кетадиган маблағ эмас. Бунинг устига Роналдунинг фаолияти аста-секин ниҳоясига етиб боряпти. Шунинг учун менимча, яна пул ишлаб қолиши мумкин. Назаримда, “Ал-Наср”га ўтиш варианти кўпроқ бўлиши мумкин.

- Осиё термалари барибир ушбу мундиалда яхши таассурот қолдиришди. Саудия Аргентинани ютди, Эрон Уэльсни. Япония, Корея ва Австралия нимчорак финалга чиқишди. Албатта, катта ўсиш бор. Улар билан Ўзбекистон терма жамоасини таққослаганда, сизнингча биз анча орқада қолиб кетгандек тасаввур уйғотмаяптми?

- Тўғри, Осиё термалари ҳам жуда яхши иштирок этишди. Сиз айтган Япония, Корея, Австралия, Эрон, Саудия Арабистони каби термалар яхши тайёргарлик кўришган экан. Уларнинг жаҳон чемпионатида қатнашиши биринчи марта эмас. Ўзбекистон терма жамоамиз улар кўрсатган ўйинни менимча кўрсата олади. Чунки Осиё етакчилари билан ўйнаганмиз, айниқса, Саудия Арабистони билан. Агар Ўзбекистон мундиалда қатнашганида улардан кам ўйин кўрсатмасди, деб ўйлайман. Бу шахсий фикрим.

сардор1

- Олдиндаги яна қайси ўйинларни стадионда кузатасиз?

- Олдиндан қайси ўйинларга боришимни билмайман. Негаки, Қатарда ички чемпионат 22 декабрдан бошланади. Шунинг учун у ердаги барча клуб ўйинчиларига бу нарса айтилди ва биз ҳам тайёргарлик кўришимиз керак. Чиптам бор, ўйинга киргим келяпти, деган гапларни йиғиштиринглар дейишган. Олдимизда ички чемпионатлар ўйинлари борлиги учун машғулотларимиз кечки пайт, айнан мундиал ўйинлари ўтказилаётган пайтда бўлади. Эрталаб машғулот ўтказиш иссиқ об-ҳавода оғир. Шу боис қайси учрашувга киришни олдиндан билмаймиз. Лекин финалга кириш ниятим бор. Агар имкон бўлса, стадионга борамиз. Аммо финал ўйинига кириш осон эмас. “Лусайил” стадионини жуда ҳашаматли деса ҳам бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!