Ўзбекистон спорт оламидаги йилнинг энг яхшилари аниқланди

8-29-30 декабрь кунлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Esports Uzbekistan, Full Level Esports ҳамда UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканаллари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Янги йилга спорт билан!” шиори остидаги оммавий спорт фестивали бўлиб ўтди. Бугун «Бунёдкор» стадионида мазкур тадбирнинг тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ушбу тадбир давомида юртдошларимиз йилнинг йирик лойиҳалари – шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионати ҳамда киберспорт бўйича “Uzbekistan Online Cup” мусобақаларининг Гранд Финал ғолибларини билиб олишди.

Мусобақа якунларига кўра, шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионатида биринчиликни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида истиқомат қилувчи 10 ёшли Ҳумоюн Бекмуродов қўлга киритди ва “Spark” автомобили билан тақдирланди.

йил1

Шунингдек, умумий жамғармаси 100 миллион сўмдан зиёд бўлган киберспорт мусобақаси ғолибларига ҳам совғалар топширилди.

Куннинг энг кульминацион воқеаси – мураккаб шароитда кечган 2020 йилнинг “Энг яхши спортчиси” номинацияси ғолибини аниқлаш бўлди. Унда дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, жорий йил фаолиятида илк бор Катта дубулға туркумига кирувчи йирик мусобақада зафар қучган Давлат Бобонов ушбу совринга муносиб кўрилди.

Қолган номинацияларда ғолиблар қуйидагича кўриниш олди:

“Йилнинг энг яхши мураббийи – Роман Шакиров, самбо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи;

Йилнинг энг яхши спорт шифокори” – Суннатилла Йўлчиев, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази спорт травматологи;

“Йилнинг энг яхши спорт ташкилоти” – Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси.

йил5

Тақдирлаш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, шунингдек, спорт соҳасидаги бошқа мутассадилар иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар Президентимизнинг кечаги мурожаати юртдошларимизнинг эртангги кунга бўлган ишончини оширганини алоҳида айтиб ўтишди. Бу ўз навбатида олдинда турган муҳим йил давомида спорт соҳаси вакилларининг зиммасига ҳам катта масъулият юклаши таъкидланди.

Манба: Olympic.uz

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!