Ўзбекистон Суперлигаси. 18-тур олдидан гол-пас тизимида кимлар етакчилик қилмоқда? (статистика)

Бугун Суперлига 18-тур учрашувларига давом эттирилади. Кун доирасида иккита ўйин ўтказилиши кўзда тутилган.

Ушбу ўйинлар олдидан биз мухлисларга ҳозирга қадар кимлар гол+пас системасида етакчилик қилаётгани ҳақида маълумот бериб ўтамиз. Қуйида кучли бешлик билан танишинг.

5. Хуршид Ғиёсов (АГМК) - 5 гол ва 3 ассист.

ғиёсов

АГМК етакчиларидан бири саналадиган Хуршид Ғиёсов бу мавсум жамоаси учун борини бериб ўйнамоқда. У ҳозирда ўз клуби сафида энг сермаҳсул ҳаракат қилаётган футболчи ҳисобланади. 

Айни пайтга қадар унинг ҳисобида 5 та гол ва 3 та ассист мавжуд. У бу натижага 17 ўйинда эришган. Ғиёсовнинг майдонда ўтказган вақти 1 521 дақиқани ташкил этади. Ўртача ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, Хуршид ҳар 2 ўйинда битта самарали ҳаракат амалга оширмоқда. Олмалиқликлар ҳам ўйинни асосан, у ва Ҳақназари атрофида қурмоқда. Сабаби, бу футболчилардаги майдонни кўра билиш, ақлли узатмалар бериш каби хислатлар ҳар қандай жамоага анчагина наф келтира олади. 

4. Темурхўжа Абдухолиқов ("Қизилқум") - 10 та гол.

темурхўжа

"Қизилқум"нинг қийин ғалабаларида асосий ролда айнан мана шу футболчи бўлиб келмоқда. Шунингдек, Темурхўжа айни пайтда Суперлига тўпурарлар рўйхатида ҳам пешқадамлик қилмоқда. Аммо унинг голли узатмалардаги пассивлиги бу жадвалда янада тепароқда бўлишига йўл қўймади. 

Абдухолиқов бу натижа қайд этиш учун 1472 дақиқа сарфлаган. Рақамларга қарасак, бу ҳар 147 дақиқада биттадан гол дегани. Ҳали бу натижа янада яхшиланиши мумкинлигини инобатга олсак, "Қизилқум" ҳужумчисининг кўрсаткичи ажойиб. Устига-устак, "олтин изловчилар" айни пайт чемпионатда энг кўп гол уриб келаётган клублардан бири саналади. 

3. Александар Станисавлевич ("Қизилқум") - 6 гол ва 5 ассист.

қизи_2

Навоийликларнинг яна бир вакили жадвалдан ўрин эгаллади. Сербиялик легионер ҳозирга келиб Суперлига ассистентлари ичида энг яхшиси бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 5 та голли узатма мавжуд. "Қизилқум" ҳам АГМК га ўхшаб, икки яхши ярим ҳимоячи атрофида ўйин қуради. Бири Станисавлевич бўлса, иккинчиси Санжар Шоаҳмедов. Александар рўйхатдан жой олишга муваффақ бўлди. Аммо Санжарга бу ерда жой топилмади. Бироқ биз ишонамизки, Шоаҳмедов ўз ўйинини янада кучайтирса, бу жадвалда уни ҳам кўришимиз мумкин бўлади. 

Статистикага келсак, Станисавлевич 1314 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. Унинг ўртача самарадорлиги  119 дақиқани ташкил қилмоқда. Ажойиб кўрсаткич!

2. Шохруз Норхонов ("Сўғдиёна") - 8 гол ва 3 ассист.

норхонов

"Бўрилар" етакчиси Шохруз Норхонов бу мавсум ҳам тўпурарлик учун кураш олиб бормоқда. Унинг ҳисобида ҳозирча 8 гол мавжуд. Шунингдек, ҳужумчи жамоаси билан 3 та "фронт"да кураш олиб бораётганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Ўзбекистон ва ОФК кубогида ҳам Шохруз ўзини йўқотиб қўймаяпти. Мавсум якунига қадар у курашдан тушиб қолмаса керак. Барқарорлик Норхоновда яхши даражада экандек таассурот қолдирмоқда. 

Рақамлар футболчининг ҳар 101 дақиқада самарали ҳаракат амалга ошираётганини кўрсатмоқда. "Сўғдиёна" аъзоси шу вақтга қадар майдонда 1113 дақиқа ҳаракат қилган ва юқоридаги натижани қайд этган. 

1. Драган Черан ("Пахтакор") - 9 гол ва 3 ассист. 

чер_1

Энг юқори поғонада "Пахтакор" сардори ва етакчиси Драган Черан жой олган. У бу мавсумда ҳам юқори сермаҳсулликни сақлаб қолди ва "шерлар" учун муҳим очколарни тақдим этишда давом этмоқда. Тўпурарлар ва ассистентлар рўйхатида ҳам у биринчи поғонада бўлмаслиги мумкин. Аммо сербиялик ҳужумчи икки томонда ҳам юқори ўринларда кетмоқда. "Пахтакор" тобора ўз даражасига қайтиб бораётганини ҳисобга олсак, катта эҳтимол Черан бу мавсум гол+пас тизимида энг яхши футболчи бўлиб қолса керак.

Статистикага кўра, "шерлар" аъзоси 1172 дақиқа майдонда жавлон урган. Ўртача самарадорлик 97 дақиқадан иборат. Қойил!

 

Ҳали мавсум якунига етгани йўқ. Кўплаб футболчилар бешликка кириш учун навбатда туришибди. Демак, бу рўйхат якунда бутунлай ўзгариб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Кўрамиз ва баҳо берамиз. SPORTS.uz ни кузатишда давом этинг!

 

Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!