Ўзбекистон U-15 термаси Хорватияга йўл олди. Халқаро мусобақада кучли рақиблар билан ўйинлар ўтказилади
Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон U-15 терма жамоаси Зайниддин Тожиев бошчилигида Тошкентда йиғин ўтказди. Жамоа олдида бир қатор муҳим турнирлар кутиб турибди. Хусусан, вакилларимиз Хорватияда бўлиб ўтадиган "Влатко Маркович" U-15 халқаро мусобақасида иштирок этади.
Кеча ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ушбу мусобақа олдидан тайёргарлик режалари билан танишиш, мураббийлар штаби ва футболчилар билан суҳбатлашиш мақсадида терма жамоа базасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди. Учрашувда ЎФA томонидан футболчиларимизнинг олдинда турган турнирларга сифатли ва тизимли тайёргарлик кўришлари учун барча шароитлар яратиб берилиши маълум қилинди.
Равшан Эрматов футболчилар билан суҳбатда ҳар битта машғулотларга астойдил киришиш, турнирларга жиддий тайёргарлик кўриш, бунинг учун ҳар куни ўз устида ишлаш зарурлигини таъкидлаб, терма жамоа аъзоси бўлиш ҳар бир футболчи учун шараф эканлигига эътибор қаратди. Бу борада ҳозирданоқ профессионализм, интилиш ва меҳнатсеварликни ўзида мужассам қилиб бориш кераклигини айтди.
Зайниддин Тожиев бошчилигидаги мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва имкониятлари хусусида суҳбатлашилди. Ҳар кунлик тайёргарликка замонавий ёндашиш, янги технологияларни жалб этиш, спорт тиббиёти, фармакология, витаминизация ва тикланиш жараёнига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, "Влатко Маркович" халқаро турнирида умумий ҳисобда 8 та — Хорватия, Ўзбекистон, Ирландия, Босния ва Герцеговина, Уэльс, Болгария, Черногория, Шимолий Македония терма жамоаси иштирок этади. Вакилаларимиз “A” гуруҳидан жой олган бўлиб, гуруҳда Хорватия, Ирландия ва Черногория терма жамоаларига қарши тўп тепишади.
Жамоамизнинг дастлабки ўйини 11 май куни мезбон Хорватияга қарши ўтказилади. Бугун терма жамоамиз мусобақада иштирок этиш учун Хорватияга йўл олди.
Фикрлар