"Ўзбекистон учун ўйнадик, Жасур Ҳасанов яна 3-4 йил тўп суради, қаҳрамонлик ҳақида гапиришга эрта" - Жавоҳир Қаҳрамонов "Сўғдиёна"нинг ОФК Кубогидаги зафарли юриши ҳақида

“Сўғдиёна” клуби барчамизни хурсанд қилган ҳолда ОФК Кубогидаги дебютида юришини муваффақиятли давом эттиряпти. Марказий минтақа финалида сафарда Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоасига қарши майдонга тушиб мезбон жамоа дарвозасига жавобсиз 4 та гол уришга муваффақ бўлди.

Натижада кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилди. “Хўжанд” дарвозасига гол уриб жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшган Жавоҳир Қаҳрамонов учрашувдан кейин Sports.uz сайти учун таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Жавоҳир, аввало “Сўғдиёна”ни йирик ғалаба билан табриклайман. Ўйин тўғрисида бизга нималарни айта оласиз?

- Табрик учун раҳмат. Учрашувга тўхталсам, биз бунга жиддий тайёргарлик кўргандик. Лекин бизга ҳам қийин бўлди. Чунки соат 15:30 да ўйин бошланди, бу пайтда анча иссиқ эди. Худога шукр, ҳаммаси яхши бўлди. Қўлимиздан келганича мухлисларимизни хурсанд қилдик.

- “Хўжанд” ҳам яхши тайёргарлик кўрганди. Бироқ “Сўғдиёна” кучини кўрсатиб, жавобсиз 4 та гол ура олди. Ўйинда мана шундай йирик ҳисоб бўлишини кутганмидингиз?

- Ҳозир айтганимдек, биз яхши тайёргарлик кўрдик. Худога шукрки, шунга яраша ғалаба қозондик. Бундан ҳам кўпроқ гол урсак бўларди. Иссиқда тўп суриш осон эмас. Омад ҳам жамоамиз тарафида бўлди. Бутун Ўзбекистон учун ўйнадик. Ғалаба қозонишга эришдик, ишқибозларимизга ҳам раҳмат айтаман.

жавохир2

- “Сўғдиёна” мақсадига босқичма-босқич эришяпти. Кейинги рақиб ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Муҳими, ютиб олдик. Олдимизда Ўзбекистон Кубоги ўйини турибди. Ундан кейин чемпионат баҳслари. Бор эътиборимизни олдимизда турган бўлажак ўйинларга қаратамиз. Кейин 6 сентябрь куни Гонконг клубига қарши бўладиган муҳим учрашувга тайёргарликни бошлаймиз. Ҳозир биринчи навбатда Ўзбекистон Кубоги ўйинига эътиборимизни қаратамиз. Ҳар бир ўйинимизда ғалаба қозониш мақсадимиз.

- Бош мураббий Улуғбек Бақоевнинг сизларга кўрсатмаси қандай эди ва ўйиндан кейин нималарни айтди?

- Мураббий тезроқ гол урсак, ўзимизга яхши бўлади, шу боис бошидаги вазиятлардан фойдаланиб олиш муҳим, акс ҳолда қийин бўлиб қолади. Тезкор гол урсак, ишимиз осонлашади, деган гапларни айтди. Шунга яраша тезкор гол урдик ва ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик.

- Жасур Ҳасанов 39 ёшида ҳам барчани қойил қолдиряпти. “Хўжанд” дарвозасига гол ҳам урди. Ундан кўп нарсани ўрганяпсизларми?

- Ўтган сафарги интервьюимда ҳам айтгандим, Жасур ака жуда яхши футболчи. Бу кетишда давом этса, яна 3-4 йил бемалол ўйнайди. Бизни жамоамизда эканидан хурсандмиз ва борига шукр. Ҳаммаси яхши. Шунақа темпда кетса, ҳали ўйнашда давом этаверади. Ўйинларини ва голларини ўзингиз ҳам кўряпсиз. Қолаверса, голларга пас беряпти, бир-иккита рақибини кўрмасдан алдаб ўтяпти.

- Нима деб ўйлайсиз, 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабадан кейин “Сўғдиёна” кичик қаҳрамонлик кўрсатдими ёки...

- 4:0 дан кейин қаҳрамонлик ҳақида гапиришга ҳали эрта. Олдимизда ўйинлар кўп. Ҳаммасини ҳал қилганимиздан кейин қаҳрамонлик ҳақида гапирсак бўлади. Охиригача ҳаракат қиламиз ва қолган ўйинларни ҳам ютишга бор кучимизни сарфлаймиз.

жавохир1

- “Сўғдиёна” чемпионатда ҳам яхши қатнашяпти. Умуман олганда, клуб Суперлига, Ўзбекистон Кубоги ва ОФК Кубогида иштирокини давом эттиряпти. Учта фронтда курашиш жамоани ортиқча толиқтириб қўймайдими?

- Йўқ, қийнаб қўймайди. Ўйинлар қанча кўп бўлса, футболчида амалиёт ҳам ўсиб боради. Ҳамма нарса тайёргарликка боғлиқ. Яхши ҳозирлансак, натижа ҳам яхши бўлаверади.

- Мухлислар “Сўғдиёна”дан ОФК Кубоги финалини кутишяпти...

- Боя айтдим, олдимизда ўйинлар бор. Биз юришимизни давом эттиришга ҳаракат қиламиз. Олдиндан бир нима дея олмайман, аммо охиригача курашамиз. Ҳаммаси Худодан. Биз меҳнат қилишда давом этамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!