Ўзбекистон яна бир йирик комплекс спорт мусобақасига мезбонлик қилмоқчи
Сир эмаски, ўзбек спортчилари халқаро мусобақаларда доимо юқори натижаларни қайд этиб келишади. Ўз навбатида мамлакатимиз ҳам бир қатор йирик халқаро спорт мусобақаларига анъанавий мезбонлик қилиб келмоқда. Келажакда комплекс спорт мусобақаларини ҳам қабул қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили Индонезияда ўтган Осиё ўйинларидан кейин Президентимизнинг ташаббуслари асосида 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик учун кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.
Бугун Тошкентда “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитасининг Ижроқўм йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Табиийки, унда кўтарилган асосий масала юртимизнинг мазкур мусобақага мезбонлик қилиши борасида музокара олиб бориш бўлди.
Ушбу йиғилишда Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва МОҚ раҳбарияти, шунингдек, “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитасининг президенти бошчилигидаги делегация иштирок этди.
“Авваламбор, таклифимизни назардан қочирмасдан юртимизга ташриф буюрганингиз учун учун ташаккур. Ўзбекистон келажакда кўплаб халқаро мусобақаларга мезбонлик қилишни кўзламоқда. Бунинг учун етарли спорт объектлари ҳам барпо этиляпти. Президентимиз ташаббуси билан 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш борасида катта иш бошладик. 2028 йили ўтказиладиган ёзги “Осиё болалари” ўйинларини Ўзбекистон юқори савияда ташкил қилишга қодир, деб ўйлайман. Ўша даврга бориб, бунинг учун қандай талаблар керак бўлса, барчаси бизда муҳайё бўлади. Қолаверса, Осиё ўйинларидан аввал бу мусобақа биз учун ўзига хос тайёргарлик бўлиб хизмат қилади”, – деди Умид Аҳмаджонов.
Шунингдек, “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитаси раҳбари Дмитрий Глушко ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ўз навбатида мен ҳам сизнинг таклифингиз ва бизни илиқ кутиб олганингиз учун раҳмат айтиб қоламан. Маълумки, “Осиё болалари” ўйинлари ҳам йирик комплекс мусобақалардан бири ҳисобланади. Унда бир эмас, кўплаб спорт турлари бўйича беллашувлар бир вақтнинг ўзида ўтказилади. Шу боис ҳам уни ўтказиш ва ёритиш борасида ўзгача ёндошув керак. Мусобақага мезбонлик борасидаги бизнинг барча талаб ва дастурларимизни сизларга тақдим этамиз. Ўйлайманки, Ўзбекистон бундай мусобақани қабул қилишга қодир”, – деди Дмитрий Глушко.
Йиғилиш давомида ҳар икки тараф ўртасида келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, мусобақани ўтказиш борасида қандай ишлар амалга оширилиши юзасидан мулоҳазалар юритилди.
Маълумот учун, “Осиё болалари” ўйинлари 4 йилда бир марта ўтказилади. 2020 йили Мўғилистон мазкур мусобақани қабул қилса, 2024 йили у Россиянинг Якутск шаҳрда бўлиб ўтади. Ўзбекистон эса 2028 йили бўлиб ўтадиган мусобақа мезбонлиги учун даъвогарлик қилиш ниятида.
Манба: МОҚ
Фикрлар