Ўзбекистонда энг кўп мухлис тўплайдиган жамоа ҳақида

Ҳозирги кунда мамлакатимиз жамоалари орасида энг кўп томошабинни ўз стадионига жалб этадиган "Навбаҳор" клуби 1974 йили "Текстильщик" номи билан ташкил топган.

Дастлабки йилларда Наманган вилояти турнирларида иштирок этган ва 1978 йилдан бошлаб, СССР иккинчи лигасининг 5-зонасида иштирок этиб, 23 жамоа орасида 21-ўринни эгаллаган. 1979 йили эса сўнгги поғонадан жой олган бўлса, 1980 йили номаълум сабабларга кўра, наманганликлар мусобақада қатнашмаган.

1981 йили жамоа "Навбаҳор" деган номга ўзгартирилди ва СССР иккинчи лигасидаги иштирокини яна давом эттирди. Ушбу чемпионатда 1990 йилгача қатнашиб келди. Бу орада, 1984-1987 йиллари жамоа "Автомобилист" номи билан фаолият юритди. 1988-1991 йилларда эса клуб "Новбаҳор" деб аталган.

Ушбу давр мобайнида лига чемпионлигини бирор маротаба қўлга киритмаган, аммо иккинчи (1989 ва 1990) ва учинчи (1981, 1982 ва 1988) ўринларни эгаллашга сазовор бўлган.

1991 йили Наманган клуби ўз тарихида биринчи ва охирги марта СССР биринчи лигасида қатнашиб, 22 та клуб орасида 9-поғонани эгаллаган.

1992 йилдан бошлаб, жамоа номи "Навбаҳор"га айлантирилган ва Собиқ Иттифоқ даврлари якунига етиб, Ўзбекистон чемпионатида иштирок этишни бошлаган.

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган чемпионатнинг Олий лигасида "Навбаҳор" 16 та жамоа ичида 5-ўринни қўлга киритган ва Ўзбекистон Кубоги чемпионлигини нишонлаган дастлабки клуб сифатида тарихга кирган.

Шундан сўнг, кетма-кет 3 мавсумда (1993, 1994 ва 1995) Олий лиганинг бронза медали соҳибига айланган. 1993 йили мамлакат кубогининг финалига қадар етиб борган бўлса, 1995 йили тарихда иккинчи маротаба Ўзбекистон кубоги ғолибига айланган.

1996 йили жамоа тарихда биринчи марта Ўзбекистон чемпионати ғолиблигини қўлга киритган ва бу натижа "лочинлар" тарихида Олий лигадаги ягона чемпионлик ҳисобланади. Кейинги 3 мавсум давомида жамоа яна кетма-кет тарзда бронза медали соҳиби бўлган. 1998 йилда жамоа ўз тарихида учинчи бор ва ҳозирча, сўнгги бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритган.

1999 йили "Навбаҳор" ютуқлари орасига Ўзбекистон Суперкубогини ҳам қўшиб қўйган. 2000-2002 йилларда жамоа совринлар юта олмаган, аммо 2003-2004 йиллари кетма-кет икки маротаба бронза медалига эга бўлган.

2005 йилдан бошлаб, афсуски, жамоада пасайиш юзага кела бошлаган ва Ўзбекистон чемпионатининг "ўртамиёна" жамоалари орасида тилга олина бошлади.

Ушбу вақт мобайнида жамоа эгаллаган энг юқори ўрни 2017 йилга тўғри келади. Шу йили "Навбаҳор" 5-поғонани банд этди.

Орадан 14 йил ўтиб, наманганликлар соврин ютишни уддасидан чиқишган. 2018 йили Ўзбекистон Суперлигасида учинчи ўринни эгаллаган "лочинлар" 9-бор бронза медалини қўлга киритди.

Эришган ютуқлари:

Ўзбекистон чемпиони - 1 марта (1996).

Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали соҳиби - 9 марта (1993, 1994, 1995, 1997, 1998, 1999, 2003, 2004, 2018).

Ўзбекистон Кубоги соҳиби - 3 марта (1992, 1995, 1998).

Ўзбекистон кубоги финалчиси - 1 марта (1993).

Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби (1999).

Наманган клуби 1996/97 йилги мавсумда Осиё кубок эгалари кубогида қатнашган. Биринчи босқичда Ироқнинг "Ал-Қува" клубига қарши баҳс олиб бориб, 1:4 ҳисобида мағлуб бўлган ва жавоб учрашувини сафарда ўтказиб, 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган "Навбаҳор" иккинчи босқичга йўл олган. Ушбу босқичда эса Эроннинг "Истиқлол" клуби рақиблик қилган. Ўз уйида 1:4 ҳисобида имкониятни бой берган наманганликлар сафарда 3:0 ҳисоби билан рақибини енгган ва меҳмонда урилган гол эвазига Эрон клуби кейинги босқичга йўлланма олган.

1997/1998 йилги мавсумларда Осиё чемпионлар кубоги деб номланган мусобақанинг саралаш босқичида Тожикистоннинг "Динамо Душанбе" ва Туркманистоннинг "Ниса" клублари тўсинидан ўтиб, гуруҳ босқичига чиққан. Гуруҳ босқичида Ливаннинг "Ал Наср" ва Эроннинг "Персеполис" клублари билан дуранг ўйнаган бўлса, Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клубига ютқазиб қўйган.

1999/2000 йили Осиё кубок эгалари кубогида "Навбаҳор" 4-ўринни банд этди. Дастлаб, Қозоғистоннинг "Қайсар" клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, жавоб ўйинида 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган ва чорак финалда Саудиянинг "Ал Аҳли" клубига қарши баҳслашган. "Ал Аҳли"га ўз майдонида 1:6 ҳисобида ютқазиб қўйган Наманган шаҳрининг жамоаси жавоб ўйинида 2:0 ҳисобида зафар қучган, аммо саудияликлар мусобақадан четлаштирилгани боис, "лочинлар" ярим финалга чиққан. Ушбу босқичда Ироқнинг "Ал Завраа" жамоасига 2:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, учинчи ўрин учун кечган беллашувда Таиланднинг "Бангкок Банк" жамоасига ҳам имкониятни бой берган.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Суперлигасида энг кўп томошабин ташрифи айнан Наманганда кузатилади. Ишқибозларнинг жон куярлиги ва уларнинг жамоага бўлган меҳру-садоқатига нафақат Ўзбекистоннинг, балки Ўрта Осиёнинг кўплаб ҳудудларида ҳавас билан қарашади.

Жуда кучли таркибга эга бўлган "Пахтакор"га қарши учрашувда муносиб рақиблик кўрсатишни унча-мунча жамоа эплай олмайди, аммо "лочинлар" Тошкент клубига етарлича муаммо туғдира олади. 2020 йилги мавсумнинг дастлабки тур беллашувида ҳам ушбу икки жамоа ўзаро тўқнаш келганди ва ҳақиқий футболни Ўзбекистонда ҳам кўриб, хурсанд бўлиб турганимизда ҳакамлар ўз таъсирларини ўтазишди, акс ҳолда, Наманган шаҳрига тегишли бўлган жамоадан кўп нарса кутиш мумкин эди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдусамат Жураев
18/03/2020 20:57
ТУГРИСИ НАВБАХОР ТАРИХИ ГАП ЙУК ОСИЕ ЧИМ ЛИГАСИДА НОРМАЛНИ КАТНАШГАН ЭКАН ХОИЗИРГАЧА ОЛИЙ ЛИГАДАН ТУШИБ КЕТМАГАН ИККИ ЖАМОА ДАН БИРИ НАВБАХОР
Umarjon G'oyifov
19/03/2020 08:16
Навбахорни хамма ўйинлари яхшию лекин шу водий дербиларида катталарни аралашиши ёмонда. Тушунгандирсила.
Muhammad Rahmatillaev
18/03/2020 20:14
Мақола учун рахмат Навбахорни тарихини билмаганлар айниқса ёш авлод учун яхши малумот бўлибти Спортс.уз ходимларига хам рахмат мақола учун Навбахор буюк тарихи бор жамоа.
&
fc.navbahor
19/03/2020 16:01
Kotta raxmat shu maqolani tayorlaganlarga va sports.uzga xam oxiri yoqdi sudyalani aralashuvi dep xaqiqatni yozipsilar
Juravay Jumanovich
19/03/2020 07:19
Пахтакор стадионини бузишдан кура Намонгонда янги стадион куриш керак, шунда футбол ривожланарди. Тошкентда шундок хам стадионлар буш ётибти.
Azya Olley
19/03/2020 06:44
Ushbu ma'lumotlar un katta rahmat!!! Bu Nasafmi,Navbahormi, Paxtakormi biz halol futbol tarafdorimiz.Kuchlilar g'alaba qozonsin. OLG'A NAVBAHOR!!!
&
Isanbaevjavlon566@gmail.com
18/03/2020 20:14
Gapyo yoq
Aser Resa
19/03/2020 18:35
Navbahor nı stadıonini kattalashtirish k.k