Ўзбекистонда ўйнаган aфрикалик футболчилардан қайсилари мухлислар меҳрини қозонган?
Суперлиганинг янги мавсуми арафасида клубларимиз бир қатор легионер футболчиларни таркибга жалб этишмоқда ва бу эътиборимизни ўзига тортмай қўймайди. Шундан келиб чиқиб, бир неча кун аввал, Ўзбекистон клубларида тўп тепган океанорти вакиллари ҳақида маълумот берган эдик. Бугун жамоаларимиз сафида ўйнаган африкалик футболчиларга тўхталиб ўтамиз.
Ўз вақтида Нигериядан 15 нафар футболчи ўзбек клублари аъзоси бўлган. Ўз вақтида, уларнинг бир нечтаси мухлислар ёқимтойига ҳам айланган. Ушбу юрт вакилларидан учтаси илк бор 2005 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган. Патрик Агбо "Навбаҳор"га, Бенедикт Опара ва Ихеруоме Уче "Пахтакор"га келган. Опара бир мавсум тўп тепган холос. Уче эса ўзининг техникаси билан ишқибозлар қалбидан жой олганди. Аммо кейинчалик, жароҳатлар гирдобида қолиб, фаолиятини муваффақиятли давом эттиролмади ва 2010 йили тошкентликлар сафини тарк этди. Бу орада 2008 йили "Шўртан" клубида ҳам фаолият олиб боришга улгурган. Уче ва Опарадан фарқли ўлароқ, Патрик Агбо узоқ муддат давомида чемпионатимизнинг турли клубларида ўйнади. 2005-2006 ва 2011 йили "Навбаҳор", 2007 йили "Қурувчи" (ҳозирги "Бунёдкор"), 2008 йили "Динамо-Самарқанд", 2009-2010 ва 2011-2012 йиллари "Шўртан" шарафини ҳимоя қилган.
2006 йили "Оқтепа" Эрик Абанда, "Локомотив" эса Окафор Обинна билан шартнома имзолаган. Бу футболчилар мамлакатимизда фақатгина бир мавсум истиқомат қилишди. "Оқтепа" ва "Локомотив" кейинги йили ҳам биттадан нигериялик футболчиларни жамоага жалб қилди. Аммо Андре Камара "Оқтепа"да, Уилсон Раппосо "темирйўлчилар" сафида бир мавсум тўп сурди. Шу йили "Динамо-Самарқанд" клуби Дэвид Онияни сафга қўшди ва у 2011 йилгача самарқандликлар сафида бўлган. 4 йиллик фаолияти давомида чемпионатнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири сифатида шаклланган футболчи юқори мақсадлар сари интилаётган "Бунёдкор" эътиборини ўзига торта олди ва 2011 йили "қалдирғочлар" таркибига қўшилди. У Тошкент клубида бир йил ўйнади ва кейинги мавсум "Сўғдиёна" шарафини ҳимоя қилди. 2012-2013 йили "Бухоро" ва 2014 йили "Нефтчи" футболчиси сифатида фаолият олиб борди.
2008 йили "Бухоро" клуби Нигериядан Нсофорни олиб келди. Бу футболчи кейинги йили "Андижон"да ўйнади ва мамлакатимизда бошқа кўзга кўринмади.
2009 йили Чиди Эбуземи "Сўғдиёна"да бир мавсум ўйнади, Мартин Изохо эса 2008-2010 йиллар давомида "Динамо" ва "Андижон" клубларида фаолият олиб борди.
Самуэль Аканжи 2008-2009 йилги мавсумларда "Шўртан, 2009-2010 йилларда "Қизилқум" шарафини ҳимоя қилган бўлса, 2012 йили "Қизилқум"да яна бир нигериялик Эммануэл Окечукву фаолият олиб борди. Шу йили "Навбаҳор"да Алекс Ожиака тўп тепганди.
5 йиллик танаффусдан сўнг, 2017 йили "Локомотив" яна ушбу мамлакатдан футболчи олиб келди, аммо Олабиран Муйивага ярим мавсумдан сўнг жавоб бериб юборилди.
Янги мавсумда, "Оқтепа" ва "Машъал" клубларида биттадан нигериялик футболчилар фаолият олиб бориши кутилмоқда. Агар, бу амалга ошса, Ўзбекистонда ўйнаган Нигерия фуқаролари сони 17 тага етади.
2017 йили "Локомотив" шарафини Буркина Фасо фуқароси ҳимоя қилганди. Муҳаммад Конени кўпчилик мухлислар ҳали ёдидан чиқармаган бўлса керак.
Юртимизга Камерундан ҳам футболчи келганини билармидингиз?
Ҳа, мамлакатимизда биттагина камерунлик футболчи бўлган. 2006 йили Фрэнк Кевин Лева "Шўрчи" сафида тўп сурган.
Обамеянгнинг юртидан ҳам футболчи жалб этилган. Габон мамлакати фуқароси АГМКда ўйнаган. Тибаут Чикая 2010-2011 йилларда олмалиқлик мухлисларнинг олқишларига сабабчи бўлган.
Ганадан 3 та футболчи ўзбек клубларида фаолият олиб борган. Булар: Ричард Сеуе (2007, "Машъал"), Отенг Менса (2008, "Шўртан") ва Жерри Эмонкпари (2010, "Металлург").
2018 йили Исмоил Гонсалвешдан "Пахтакор" ишқибозлари кўп умид қилишганди, аммо Гвинея-Бисау фуқароси бир мавсумдан кейин, Эроннинг "Истиқлол" клубига кетиб қолди.
Кот-д’Ивуар мамлакатидан 2 та футболчи Ўзбекистон клубларида фаолият олиб борган ва янги мавсумдан эътиборан, яна 2 та шу юрт вакиллари Суперлигада пайдо бўлади. 2012 йили "Шўртан"да Адама Соро ва 2017 йили "Локомотив"да Ньоре Кризо ўйнаганди.
2020 йилги мавсум олдидан Якуба Бамба "Қўқон-1912" ва Файсал Траоре "Насаф" таркибини тўлдирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга илк бор Намибиядан футболчи келди. Янги мавсум арафасида, "Қизилқум" Маккартни Тевин Навесиб билан таркибини кучайтириб олди. Эътиборли томони, Навесиб терма жамоа аъзоси ва сардори ҳисобланади.
2019 йили "Қўқон-1912" клуби нигерлик футболчи билан келишиб олганди. Аммо Оливье Бонне қўқонликлар сафида бирорта учрашув ўтказмади.
Эсватини мамлакатини кўпчилик эшитмаган ҳам бўлса керак. Африка қитъасининг жанубида жойлашган мамлакат фуқароси Сандил Ҳлативако 2008 йили "Насаф"да 5 та ўйин ўтказиб, битта гол уришга ҳам улгурган.
Африкалик футболчилар орасида ўзбек мухлисларига энг маъқул келган футболчилардан бири Шакер Зуагидур. Тунислик ярим ҳимоячини 2014 йили АГМК клуби олиб келган ва 2015-2016 йилларда "Бунёдкор" шарафини ҳимоя қилиб кетган эди.
Бир қатор африкалик футболчилар юртимизда ўз иқтидорларини намойиш этишга ҳаракат қилишган. Улар орасида Шакер Зуаги, Уче, Агбо ва Онияни алоҳида қайд этиш керак. Зеро, ушбу футболчилар қолганларига нисбатан, ўз савияларини намоён эта олишган. Исмоил Гонсалвешни ҳам булар қаотирга қўшишимиз мумкин, аммо ҳужумчи Суперлигада 21 та учрашув ўтказиб, кейинги мавсумда жамоани тарк этганди. Янги мавсумда келган футболчиларни ҳам диққат билан кузатамиз ва умид қиламизки, ишончи оқлашади.
Фикрлар