Ўзбекистонга келишни истаётган бразилиялик мураббий! Ёхуд Убиражара Вейга да Сильванинг юртимиздаги фаолияти ҳақида

Сайтимиз орқали яқинда хабар бериб ўтганимиздек, ушбу мақоламиз ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилган бразилиялик Убиражара Вейга да Сильвага бағишланади.

Ушбу мутахассис айни пайтда ҳам ўзининг мураббийлик фаолиятини фаол равишда давом эттириб келмоқда. Айни пайтда эса у Японияда “Кария” жамоасида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ёдингизда бўлса, да Сильва юртимизда 1997 ва 1998 йилларда ишлаган. Аввалига “Пахтакор” клубида бош мураббийлик қилган бўлса, кейинчалик миллий терма жамоамизнинг бош мураббийлик лавозими ҳам бразилиялик мутахассисга ишониб топширилганди.

Эътиборли томони шундаки, да Сильвага қадар терма жамоамизда асосан ўзимизнинг мутахассислар ишлашган. Жумладан, Рустам Акрамов, Александр Иванов, Баҳодир Ибрагимов ва Рустам Мирсодиқов мамлакатимизнинг бош жамоасини бошқаришган бўлса, термамизда илк ишлаган хорижлик мутахассис сифатида Убиражара Вейга да Сильва тарихдан жой олди. У Мирсодиқовдан кейин ушбу лавозимни эгаллаганди.

Айтиш лозимки, бразилиялик мураббий юртимиздаги фаолияти давомида ўзидан ёмон таассурот қолдирмаганди. Ҳозирда кунчиқар юртда истиқомат қилаётган мутахассиснинг юртимиздаги фаолиятидан қандай хотиралар қолгани ҳақидаги фикрлари ўйлаймизки сиз ўқувчиларни бефарқ қолдирмаса керак.

да сильва_2

- Жаноб да Сильва, биз сизни унутганимиз йўқ, ҳали ҳам эслаб турамиз. Айтинг-чи, Ўзбекистон деганда кўз олдингизга дастлаб нима келади?

- Аввало шуни таъкидлашим керакки, мени эслаганингиздан жуда хурсандман. Ўзбекистонлик мухлислар билан суҳбатлашишдан миннатдорман. Биласизми, мен “Пахтакор” ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ишқибозлари билан гаплашсам ҳам бундан завқ оламан. Ўзбекистонда мен билан бирга ишлаган одамлар ва ютуқларим ҳақида сўрашганда хаёлимга кўп нарсалар келади. Нима дейишим мумкин, юртингизда ишлаб кўплаб ютуқларга эришдим. Кейинчалик эса ўртадаги баъзи агентларнинг аралашуви туфайли шартнома бекор қилинган деб ўйлайман.

- Сиз ҳозирги пайтда Японияда ишлаяпсиз. Бу ерга қандай келиб қолдингиз?

- Айтишим жоизки, мен икки йилдан бери Япониядаман. Бу ерда бир қатор ютуқларга эришиб, катта ишларни олиб бормоқдамиз. Айни пайтда эса шартномани янгилаш ёки бошқа клубга ўтиш ҳақида бош қотиряпман. Боливиядаги самарали ишимдан кейин ҳозирги клуб президенти мени бу ерга таклиф қилганди. Бразилияда ишлаб юрган кезларимда клуб президенти футболчи сифатида тўп сурарди ва ўшанда у менинг қандай ишлашимни кўрганди. Шунинг учун ҳам у биргаликда ҳамкорлик қилишимизни хоҳлаган.

да сильва2

- Сиз дастлаб “Пахтакор”ни бошқаргансиз. Кейин эса миллий терма жамоага бош мураббийлик қилдингиз. Аслида ҳам терма жамоамизни бошқаришингиз бошидан режалаштирилганмиди?

- Аслида Ўзбекистонга “Пахтакор”ни бошқариш учун боргандим ва биз у ерда чемпионликни қўлга киритдик. Кўп ўтмасдан эса мени мамлакат терма жамоасига ҳам таклиф қилишди. Биз Қозоғистонни 4:0 ҳисобида мағлуб этган бўлсак, БАА билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнагандик. Осиё Кубогида эса Эроннинг чемпион бўлгани ҳам эсимда.

- “Пахтакор” ҳамда Ўзбекистон терма жамоасида сиз билан бирга ишлаган футболчилардан кимларни эслаб қолгансиз?

- Мен ўзим билан бирга “Пахтакор” ва терма жамоада ишлаган ҳаммани яхши кўраман ҳамда уларни эслаб тураман. Футболчилардан Павел Бугало, Миржалол Қосимов, Андрей Акопянц, Рустам Шоймардонов, Николай Ширшов, Бахтиёр Қамбаралиев, Мурод Алиев, Азамат Абдураимов, Андрей Фёдоров, Игорь Шквирин, Жаъфар Ирисметов, Отабек Пирматов, Бахтиёр Ашурматов кабиларни айтишим мумкин.

- Ҳозир ҳам Ўзбекистонда дўстларингиз борми, улар билан гаплашиб турасизми?

- Аслида Ўзбекистонда менинг кўплаб дўстларим бор. Бироқ кўпчилигининг телефон рақамлари сақланиб қолмаган. Шунинг учун алоқа ўрнатишга қийналаман. Лекин улар билан албатта гаплашишни истаган бўлардим. Агар фейсбук орқали ёзиб туриш бўлса бу бошқа гап.

да сильва4

- Орадан 22 йил вақт ўтди. Шу вақт орасида сизда яна юртимизга қайтиш имконияти бўлганми?

- 6 йил аввал осиёлик бир агент билан бу борада келиша олмагандик. Лекин мен ўзим доим ёқтирган жойга бориб ишлашни хоҳлайман.

- Ўзбекистон футболини кузатяпсизми? Миллий терма жамоада кимлар фаолият олиб борганини ва ҳозир қайси мураббий ишлаётганини биласизми?

- Танлов ҳақида менда маълумотлар бор ва албатта ўша пайтда мен билан бирга ишлаган мутахассислар бор эди. Айниқса, Миржалол Қосимов, Вадим Шодиматов кабилар менга кўп ёрдам беришганди. Терманинг ҳозирги мураббийи ҳам жуда яхши ишламоқда.

да сильва1

- Ўзбекистондан кетганингиздан кейин жуда кўплаб клубларда ишладингиз. Умуман, мураббийлик ишингиздан қониқяпсизми?

- Мен қаерда фаолият олиб борган бўлсам, ҳаммасидан миннатдорман. Турли мамлакатларда ишладим ва ҳаммасидан мамнунман. Фаолиятим давомида турли унвонларга эга бўлдим ва эндиликда мен Япониядаман. Айта оламанки, Японияда икки йилдан бери ишлаётган бўлсам, меҳнатимиз анча самарали дея оламан, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Шунингдек, бу ерда билим ва кўникмаларим ҳам ошиб бормоқда.

- Юртимизга ҳеч бўлмаганда саёҳатган келиш ниятингиз борми?

- Ҳа, чиндан ҳам Ўзбекистонга боришни жуда истайман. Бундай ажойиб мамлакатда кўп ишларга қодир бўлган олийжаноб ва меҳрибон инсонлар борлигини биламан. Балки кейинчалик у ерга ташрифим амалга ошиб қолар.

да сильва_3

- Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида сиз учун унутилмас ўйин қайси бири бўлган?

- Бир нечта ўйинлар ёдда қолган. Шулардан бери терма жамоадаги дебют учрашувимизда Қозоғистонни 4:0 ҳисобида ютган ўйинимиз. Шунингдек, “Пахтакор”нинг “Навбаҳор” устидан қозонган ғалабасини ҳам айта оламан. Бундан ташқари, Ўзбекистон Мўғулистонни 15:0 ҳисобида доғда қолдирган ўйин ҳам ёдимда.

- Оилангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

- Оилам жуда яхши. Японияда оилам билан бирга истиқомат қиляпман ва 15 ёшли ўғлим ҳам биз билан бирга. Айтишим керакки, ўғлим япон тилини жуда яхши ўзлаштириб олган. Қолаверса, футбол ҳам ўйнаб туради. Катта фарзандларим эса турмуш қуриб, оилали бўлиб кетганлар. Улар ўз касбларида муваффақиятларга эришмоқдалар.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!