Ўзбекистонлик ҳакамлар ФИФА онлайн семинари орқали янги кўникмаларни ўзлаштиради
Ўзбекистонлик ҳакамлар учун ФИФА назоратчиси Фарҳод Абдуллаев иштирокида ФИФА онлайн семинари ташкил этилди.
Семинарни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов кириш сўзи билан очиб берди. Унда сўнгги Жаҳон чемпионати давомида киритилган қатор ўзгаришлар кейинги 4 йил учун ҳакамликдаги асосий йўналишларни белгилаб бериши, уларни чуқур ўрганиш ва навбатдаги мусобақаларда татбиқ этилиши олдимизда турган асосий вазифалиги таъкидланди.
Ўз навбатида мазкур жараён келгусида ҳакамларимизнинг маҳаллий ва халқаро фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилди. Бу борада тажрибали ФИФА назоратчиси Фарҳод Абдуллаев ўз билимларини ҳакамларимиз билан бўлишиши маълум қилинди.
Ушбу замонавий ўйин қоидалари ва ФИФА томонидан тақдим этилган кўрсатмаларни миллий чемпионат ўйинларига жорий этилиши келгусида миллий терма жамоаларимизнинг халқаро даражада қайд этадиган натижаларига бевосита таъсир кўрсатиши алоҳида қайд этилди.
Маълумот учун, ўзбекистонлик ҳакамлар 4 кун давомида ФИФА онлайн семинари орқали янги кўникмаларни ўзлаштиришлари режалаштирилган.
Фикрлар