Ўзбекистонлик машҳур муайтайчи Дастан Шаршеев билан жанг қилади
14 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Россиянинг "Open Fighting Championship" промоушенининг навбатдаги турнири ташкил қилинади.
Мазкур ММА оқшомида К-1 йўналишидан ҳам жанглар ўрин олган. Биз учун аҳамиятли жиҳати, мазкур кечада Ўзбекистон муайтайининг машҳур вакилларидан бири Мавлонбек Қаҳҳоров ҳам К-1 бўйича ўз жангини ўтказади.
Унинг рақиби эса Қирғизистон вакили Дастан Шаршеев бўлади. Маълумки, Достон Шаршеев ўз вақтида ҳамюртимиз ММА жангчиси Нурсултон Рўзибоевни жангга чорлаган ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп гап-сўзларга сабабчи бўлган эди. Ушбу қарама-қаршилик -73 кг вазн тоифасида ўтказилади.
Мавлонбек Қаҳҳоров фаолияти мобайнида муайтай бўйича 3 карра жаҳон чемпиони, 3 карра Осиё ўйинлари ғолиби, Осиё чемпиони, профессионаллар ўртасида ҳам Осиё чемпиони, 7 карра Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади.
Қаҳҳоровниннг фаолиятида анча вақт танаффус бўлди ва жорий йил Тошкентда жанг ўтказиб, ғалаба қозонган эди. Навбатдаги рақиби эса анчагина жиддий ва боз устига жанг Қирғизистонда бўлиб ўтади.
Шундай бўлса-да, биз ҳамюртимизга ишонамиз ва унга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Фикрлар