Ўзбекистонлик шахматчи иштирок этган турнир 2025 йилда энг кўп томоша қилинганлардан бири бўлди

CHERY AUTO

2025 йилда томоша вақти бўйича энг етакчи турнир Tata Steel Chess 2025 бўлди. Бу халқаро шахмат тақвимидаги энг нуфузли мусобақалардан бири бўлиб, Ҳиндистонда ўтказилди ва кўпинча "Шахматнинг Уимблдони" деб аталади. Мусобақада мезбон мамлакат вакили гроссмейстер Праггнанандхаа Рамешбабу ғолиб чиқди. У 13 турдан сўнг очколар тенг бўлгани сабабли блиц тай-брекда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуни мағлуб этди.

Tecno

Иккинчи ўринни қарийб 3 миллион соат томоша билан Norway Chess 2025 эгаллади. Унда Магнус Карлсен ушбу турнирдаги еттинчи чемпионлигини қўлга киритди ва Гукеш D ҳамда гроссмейстер-блогер Хикару Накамурани ортда қолдирди. Мусобақа ниҳоятда рақобатбардош бўлиб, ҳеч бир шахматчи уни мағлубиятсиз якунлай олмади.

Учинчи ўринда FIDE Жаҳон шахмат кубоги 2025 қайд этилди. Бу мусобақа ҳам Ҳиндистонда бўлиб ўтди. Унда навбатдаги Номзодлар турнирига йўлланма ва 2 миллион долларлик мукофот жамғармаси ўйналди. Якунда ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров финалда хитойлик Вей Йини тай-брекда 1,5:0,5 ҳисобида мағлуб этиб, Жаҳон кубоги тарихидаги энг ёш чемпионга айланди.

Кейинги ўринда Esports World Cup 2025 доирасидаги илк шахмат турнири жой олди. 1,5 миллион долларлик мукофот жамғармасига эга мусобақада Магнус Карлсен ғалаба қозониб, Team Liquid жамоасига 1000 клуб чемпионати очкосини олиб келди. Ушбу турнир 2025 йилнинг энг машҳур шахмат мусобақаси бўлиб, Карлсен ва Алиреза Фирузжа ўртасидаги финалда 259 353 нафар томошабин билан пик кўрсаткич қайд этилди.

Шунингдек, Freestyle Chess Grand Slam Tour 2025 — Weissenhaus турнири ҳам 2 миллион томоша соатидан ошди. Унда немис гроссмейстери Винсент Каймер ғалаба қозониб, 200 минг доллар ва 25 Grand Slam очкосини қўлга киритди. У Карлсен, Накамура, Фирузжа, Каруана ва Аронян каби юлдузларга қарши мағлубиятсиз ўйнади.

Шу сериядаги Париж ва Лас-Вегас босқичлари ҳам 1,4–1,9 миллион соат томоша қилинди. Ушбу мусобақаларда мос равишда Магнус Карлсен ва Левон Аронян ғолиб бўлди. Якунда Карлсен Freestyle Chess (Chess960) сериясининг умумий чемпиони деб топилди.

Рўйхатнинг сўнгги қисмида учта FIDE турнири жой олди. Жумладан, FIDE Жаҳон блиц чемпионати 2024 1,93 миллион томоша соатига етди. Унда Карлсен ва Ян Непомняший очиқ тоифадаги чемпионликни баҳсли тарзда бўлишиб олди.

2025 йил охирида бўлиб ўтган навбатдаги блиц чемпионатида эса Карлсен финалда Нодирбек Абдусатторовни мағлуб этиб, тўққизинчи жаҳон блиц чемпионлигини қўлга киритди. Бу унинг барча вақт назоратларидаги 20-жаҳон чемпионлиги бўлди.

Рўйхат FIDE Grand Swiss 2025 билан якунланди. 625 минг долларлик ушбу турнирда Номзодлар турнирига йўлланма ўйналди. Эркаклар ўртасида Аниш Гири ғолиб бўлди, аёллар баҳсида эса Вайшали Рамешбабу ва Катерина Лагно биринчи ўринни бўлишди.

2025 йилдаги энг машҳур шахмат мусобақалари

Энг юқори томошабинлар сони бўйича Esports World Cup 2025 етакчи бўлди. Карлсен ва Накамура иштирок этган баҳслар томошабинлар орасида энг катта қизиқиш уйғотди.

Иккинчи ўринда Norway Chess 2025, учинчи поғонада эса FIDE Жаҳон блиц чемпионати 2024 қайд этилди. Шунингдек, 2025 йилги блиц ва рапид чемпионатлари, Freestyle Chess Grand Slam босқичлари ҳам юқори кўрсаткичларга эришди.

Хулоса қилиб айтганда, шахмат 2025 йилда livestreaming майдонида барқарор ўсишни сақлаб қолди. Бироқ Карлсен ва Накамура каби юлдузлар профессионал фаолият билан бирга контент яратишга ҳам кўпроқ эътибор қаратаётгани сабаб, келажакда ёш авлод томошабинлар қизиқишини қай даражада ушлаб қолиши муҳим савол бўлиб қолмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!