Ўзбекистонни чорак финалга олиб чиққан Файзуллаевга қандай баҳо бериляпти?
Аббосбек Файзуллаев Осиё кубоги доирасида самарали ўйин намойиш қилмоқда. 20 ёшли футболчининг Таиланд дарвозасига урган супер голи терма жамоасизни чорак финалга олиб чиқди.
Бугунги кунда Файзуллаев Ўзбекистон терма жамоасининг етакчисига айланиб бормоқда. Истеъдодли футболчи жароҳат олгани туфайли Осиё кубогида иштирок эта олмаётган Элдор Шомуродовнинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилмоқда. Аббос Ҳиндистон ва Таиланд терма жамоаларига қарши ўтган беллашувларда буни маҳорат билан уддалади ҳамда бу баҳсларда ўз ҳисобига биттадан гол ёздириб қўйди.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига хорижлик футболчи, маҳаллий ва россиялик мутахассисларнинг Аббосбек Файзуллаев ҳақидаги фикрларини ҳавола этади.
Милан Гайич, ЦСКАнинг сербиялик легионери:
— ЦСКАдаги фаолиятимда Аббосбек Файзуллаев билан бирга ўйнай бошлагинимдан кейин туб ўзгаришлар рўй берди. Чап қанотда ўзимни анча қулай ҳис қила бошладим. Аббос билан ўйинимиз яхши қовушди ва чап қанотда самарали тандем ташкил қила олдик.
— Аббосбек Файзуллаев ҳозир Осиё кубогида порлаяпти ва Европа даражасидаги юлдуз бўла оладими?
— Ҳа, унинг келажаги борлигига аминман. Лекин Аббос ҳали жуда ёш, унга вақт керак. Ёш ўйинчиларда ўзгаришлар бўлиб туради. Ҳақиқий юлдузга айланиш учун кўп ва узоқ муддат ишлаш, кўп нарсани қурбон бериш керак. Шунда Европанинг топ-футболчилари қаторига қўшилиш мумкин.
Агар Файзуллаев ҳозиргидек шуғулланиб, юқори даражада ўйнашни давом эттирса, ҳақиқий юлдузга айланади.
Дмитрий Ан, мураббий:
— Таиландга кечган учрашувнинг охири қийин бўлди, лекин терма жамоа керакли натижани қўлга киритди. Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим ғалаба. Аббосбекни мақтайман, ўйини менга жуда ёқди. Бош мураббий кўрсатмасини қанчалик бажарди билмайману, лекин жуда муҳим ғалаба тўпини киритди. Мен унга табрик ёзиб юбордим.
Вячеслав Чанов, ЦСКАнинг собиқ футболчиси, мураббий:
— Аббосбек Файзуллаев нафақат ЦСКАнинг, балки Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам етакчи ўйинчисига айланиб бўлди.
Аббосбек “армиячилар” клубида ўтказган вақти давомида ғолиблик руҳини жуда яхши ҳис қилди. Унда ўзига ишонч ва спортчиларга хос шижоат кучайди.
Жаъфар Ирисметов, Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ҳужумчиси:
— Файзуллаев яхши ҳаракат қилди ва гол урди. Гол ургани ва яхши ўйнаганига қарамай, озгина ўзига хослик етишмади. Бу йигитга катта умид билдириляпти. Ўз даражасида ўйнади-ю, барибир нимадир етишмагандек бўлди, балки салгина толиқиб қолгандип. Биз ундан кўпроғини кутяпмиз.
Ўйлашимча, кейинги учрашувгача тўлиқ тикланиб олади ва янада зўр ўйнайди. Жамоа ютдими, демак ҳамма яхши ҳаракат қилди. Ўзбекистон кейинги баҳсда ютса, у ёғи ярим финал. Ғалаба кутамиз.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси чорак финалда мусобақа мезбони – Қатар футболчилари билан куч синашади. Ушбу баҳс 3 февраль куни Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади.
Супергол урган Файзуллаевнинг нархи 20 баравар ошади!
Фикрлар