"Ўзбекистоннинг 2 та клубидан таклиф бор, яна юртингизга қайтишга қарши эмасман" ёхуд "Турон"нинг энг яхши легионери ҳақида
Дебют мавсумидаёқ Суперлигани тарк этган “Турон” яна барчасини бошидан бошлашига тўғри келади. Шунга яраша таркиб яна янгитдан шакллантирилади. Чунки ўтган йилги асосий таркибнинг катта қисми ўзгаради.
Ёдингизда бўлса, клуб легионерлар лимитидан ҳам тўлиқ фойдаланганди. Аммо эндиликда улар ҳам жамоа билан хайрлашдилар. Албатта, “Турон” Суперлигани тарк этгани учун таркибдаги футболчилар ва айниқса, хорижлик ўйинчилар борасида мухлисларнинг фикрлари ижобий кўриниш олиши даргумон. Лекин аслида уларни ёмон савияда эди, деб ҳам бўлмайди.
Айниқса, сербиялик ҳимоячи Деян Поньевични алоҳида айтиш мумкин. У ҳам жамоага ўтган йили қишки йиғин пайтида қўшилганди. Шундай экан, сербиялик ҳимоячи - Деян Поньевични “мавсум-2021”ни “Турон” таркибида ўтказганини яхши биласиз.
Агар футболчининг “Турон”даги статистикасига назар ташлайдиган бўлсак, Суперлига доирасидаги 25 та ўйинда майдонга тушди. Бу эса унинг жамоада етакчилардан бири бўлганиин кўрсатиб турибди. Дарвоқе, у бир марта гол ҳам уришга эришган. Чемпионатнинг 3-турида “Турон” – “Локомотив” (2:2) ўртасидаги учрашувда гол ургани ёдимизда. Қизиғи, Деян барча ўйинларни бошидан охиригача алмаштиришларсиз ўтказган. Қолаверса, Ўзбекистон Кубогида 3 та беллашувда ўйнади ва унда ҳам барча учрашувларни тўлиқ ўтказганини қўшимча қилиш жоиз.
Кўриниб турибдики, футболчи ўзидан яхши таассурот қолдирган. Ҳар ҳолда ўзимиз кузатган беллашувларда ҳам Поньевич яхши савиядаги ўйинчилигини намойиш этган. Сербиялик легионер “Турон”даги фаолиятини эслаганида қуйидагиларни айтди.
“Турон” клуби менда жуда яхши таассурот қолдирди. Рости, бизни қуйи лигага тушиб кетишимиз жуда ачинарли, бундан афсусдаман. Аммо, ишонаманки, “Турон” тез орада яна Суперлигага қайтади. Чунки ушбу клуб ва уни бошқараётган инсонлар бунга муносиб", - дея фикр билдирди, Деян.
Барибир ҳар қандай жамоа муваффақиятсизликка учраса қаердадир нимадир нотўғри ёндашув касб этган бўлади. “Турон” эса йил давомида аутсайдер бўлди ва бундан қутула олмади. Кейинчалик клубдаги муҳит яхши бўлмагани ҳақида ҳам гап-сўзлар чиқди. Ўз навбатида Деян муваффақиятсизлик борасида ҳам фикр билдирди.
"Жамоадаги муҳит жуда яхши эди. Лекин биз айрим учрашувларда жуда ёмон ўйнадик. Спорт томонидан қарасак, омадимиз кулиб боқмади. Шу сабабли афсуски, биз про лигага тушиб кетдик".
“Турон”нинг асосий футболчиларидан бири бўлган Поньевич энди қандай йўл тутади? Албатта, унинг яйпанликлар сафини тарк этгани маълум. Чунки ўртадаги шартнома ўз кучини йўқотган. Шундай экан, сербиялик ўйинчи янги мавсум учун ўзига бошқа клуб қидириши табиий. Деян бизга кейинги режаси ҳақида ҳам гапирди.
"Ҳозирги менинг асосий режам яқин 10-15 кун ичида барча вариантларни кўриб чиқишдан иборат. Менда Ўзбекистоннинг иккита клубидан таклиф бор. Сербиядан ҳам бир қанча вариатлар бор. Шу боис мен олдимда турган барча таклифларни кўриб чиқмоқчиман ва кейин якуний қарорни қабул қилмоқчиман".
“Турон”да барқарор ўйнагани учун ҳам унга Суперлигамиз жамоаларидан таклифлар бўлиши табиий эди. У яна Ўзбекистон чемпионатига қайтадими?
"Ўзбекистонга қайтишим ҳозир кўриб чиқиляпти. Умуман олганда, яна юртингизга қайтишга қарши эмасман. Ростини айтсам, Ўзбекистон чемпионати сифатли ва етарли даражада кучли. Чунки ҳар бир жамоа ғолиб чиқиши мумкин ва бу клубларнинг бир хил савиядалигини кўрсатиб турибди", - деди Деян Поньевич.
Фикрлар