Ўзбекистоннинг энг яхши футзалчиси карантинни қай тарзда ўтказмоқда
Хабарингиз бор, айни вақтда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида барчамиздан уйда қолиш талаб қилинмоқда. Натижада, барча мамлакатларда спорт тадбирлари, чемпионатлар, мусобақалар ўтказилмаяпти.
Хўш, ўзбекистонлик футзалчилар карантин даврини уйда қандай ўтказишмоқда? ЎзПФЛ матбуот хизмати бу ҳақда “Пахтакор”аъзоси, 2019 йилги мавсумда Ўзбекистоннинг энг яхши футзалчиси деб топилган, ўтган мавсум тўпурари Акбар Усмонов билан суҳбатлашди.
“Барча қатори мен ҳам карантинни уйда, оилам даврасида ўтказяпман. Шундай бўлсада, ўз спорт формамни сақлаб туриш мақсадида машқлар бажариб турибман.
9-14 март кунлари Фарғонада футзал чемпионатининг янги мавсум 1-тур баҳслари бўлиб ўтди. Чемпионатни аъло даражада бошладик. Ҳар уч беллашувда учта ғалаба қайд этиб, айни вақтда пешқадам бўлиб турган бўлсакда, ўйинлар осон бўлди деб айтмаган бўлар эдим. Боиси, жамоа таркибига янги келиб қўшилганлар киришиб кетиши учун вақт керак. Бундан ташқари, бир неча футзалчилар дисквалификация боис жамоамизга ёрдам бера олишмади.
“Пахтакор” менинг илк жамоам саналади ва шу боис бу клуб мен учун алоҳида ўрин тутади. Бу ерда мураббийим Равшан Ражабов билан биргаликда шу даражага чиқиш учун кўп меҳнат қилганмиз. Шу боис, жамоага киришиб кетишим у қадар катта қийинчилик туғдирмади. Сабаби, мен ўз уйимга қайтдим.
Ўтган мавсум тўпурари бўлдим. Бу йилги мавсум эса энди бошланди ва барчасига йил якунида аниқлик киритиб оламиз”, – деди Усмонов.
Фикрлар