"Ўзбекнефтегаз" аввал клубларга қанча маблағ ажратганини очиқлади
"Ўзбекнефтегаз" давлат нефть-газ компанияси 1 январдан бошлаб футбол клубларини молиялаштиришни тўлиқ тўхтатгани маълум қилинган эди. Бу ҳақда 20 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида компания бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамраев маълум қилди.
Шунингдек, у аввал клубларга ажратилган маблағлар миқдорини ҳам очиқлади.
Унинг сўзларига кўра, молиялаштириш ҳажми йилига тахминан 200–300 млрд сўмни (Марказий банкнинг жорий курси бўйича қарийб 16,5–25 млн доллар) ташкил этган.
"Адашмасам, рақамлар аниқ бўлмаслиги мумкин, лекин гап йилига тахминан 200–300 млрд сўм ҳақида кетяпти. Бу маблағ тўртта футбол клуби учун умумий ҳисобда ажратилган", — деди Ҳамраев.

Фикрлар