"Ўзим ҳам кутмагандим, ҳаммаси 1 ҳафтани ичида ҳал бўлди" ёхуд Достон Ҳамдамовнинг Қатарга кўчиб ўтиши ҳақида
Иқтидор эгаси – Достон Ҳамдамов фаолиятини бошқа клубда давом эттиришга қарор қилди. Барчаси жуда тез содир бўлди, шундай эмасми?
У миллий терма жамоа билан Дубайдаги йиғинда эди, аммо кутилмаганда Қатарда пайдо бўлди. Гап шундаки, “Ал-Сайлия” Ҳамдамовга қизиқиб қолгани сабабли барча расмиятчиликларни ҳал қилишга эришдилар. Ўз ўрнида Достон ҳам, “Пахтакор” ҳам қатарликларнинг таклифига розилик билдиришди.
“Анжи, “Ал-Наср” ва “Хатта”даги фаолиятидан сўнг Ҳамдамов яна бир бор легионерга айланди. Футболчи шартномага қўл қўйгач, Sports.uz мухбирига ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Достон, Қатар чемпионатига кўчиб ўтганингиз билан табриклаймиз. Лекин тан олиш керак, бу трансферни кутмагандик. Сизга “Ал-Сайлия”дан таклиф қачон бўлганди?
- Буни ўзим ҳам кутмагандим. Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан ўқув-йиғин машғулотларида қатнашиш учун Дубайга келгандим. Клуб томонидан менга қўнғироқ бўлиб, шунақа вариант чиқиб қолди, ўйлаб кўрасанми, деб айтишганди. Барчаси бир ҳафтанинг ичида ҳал бўлиб кетди. “Пахтакор”дан мени ижарага олишмоқчи бўлган ва менга бунга рози бўлдим.
- Сиз терма жамоа йиғинидан тўғри Қатарга кетдингиз ва 22 январь куни “Ал-Хор”га қарши учрашувда дебютингизни ўтказишингиз кутилганди. Лекин сизни 18 талик рўйхатда ҳам кўрмадик...
- Расмий учрашув олдидан шартномага қўл қўйиш учун Қатарга келдим. Клубда бир нафар осиёлик ўйинчини қабул қилиб олиш учун лимит бор эди. Жамоа ўз сафидаги бошқа осиёлик футболчи билан шартномани бекор қилиши бироз қийинчилик туғдиргани учун 22 январь кунги ўйинда қатнашишга улгурмадим.
- Янги клубда сизни қандай қарши олишди? У ерда қайси рақамни олдингиз? Нима учун айнан 6 ойлик ижарага ўтдингиз?
- Янги рақамга келсак, “Ал-Сайлия”да 77-рақамни танладим. Насиб бўлса, кейинги учрашувларда шу рақамда майдонга тушаман. Улар “Пахтакор”га олти ойга ижарага оламиз деб таклиф билан чиқишган. Чунки Қатарда чемпионат ўша муддатдан кейин якунига етади. Агар ўзимни кўрсатсам ва клуб ҳам юқори ўринларни қўлга киритса, балки шартномани узайтиришга имконият бўлар.
- Умуман айтганда, “Ал-Сайлия”нинг “Ал-Хор”га қарши учрашуви сизда қандай таассурот қолдирди?
- Дебютни ўзим ҳам кутгандим. Афсуски, юқорида айтган вазият юз бергани учун учрашувни томошабин бўлиб кўришга мажбур бўлдим. Ўйин яхши таассурот қолдирди. Кейинги ўйинлардан жамоамга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
- “Пахтакор”дан олдин БААнинг “Ал-“Наср” клуби билан шартнома имзоладингиз ва сўнг у ердан аутсайдер “Хатта” клубига ижарага кетгандингиз. Қатар жамоасига ҳам ижара эвазига йўл олдингиз. Яна олдинги воқеалар ривожи такрорланиб қолишидан чўчимайсизми?
- Йўқ, хавотирда эмасман. Қатар чемпионатида ўзимдан яхши таассурот қолдириб, мухлисларнинг қалбидан жой олишга ҳаракат қиламан.
- “Пахтакор”да бош мураббий ўзгарди. Жамоани айрим етакчилар тарк этди ва сиз ҳам энди “Пахтакор” билан эмассиз. Клуб бироз кучсизланяпти, деган фикрларга қандай қарайсиз?
- “Пахтакор”нинг ҳозирги ҳолати ҳақида тўғриси билмайман, тушуниш қийин. Янги мураббий қўл остида ҳам ҳали тўлиқ шуғулланишга улгурмагандик. “Пахтакор” ҳар доим совринлар учун курашиб келган. Клубни етакчилар тарк этган тақдирда ҳам “Пахтакор” яхши таассурот қолдиради, деб ўйлайман.
- Қатар чемпионатига кўчиб ўтишингиз фаолиятингизда туб бурилиш ясай олишига ишоняпсизми?
- Ҳаммаси Худодан. Иложи борича яхши ҳаракат қилиб, бу чемпионатни ҳам тубдан ўрганиб, ўзимни кўрсатишга бор кучимни сарфлайман.
- “Ал-Сайлия”ни энди яқиндан ўрганяпсиз. “Пахтакор” билан солиштирганда иккисининг даражаси бир хилми?
- “Пахтакор”нинг ҳам, “Ал-Сайлия”нинг ҳам ўзига яраша принциплари бор. Тўғри, ҳар томонлама “Пахтакор” билан солиштирса бўлади. Янги жамоадошларим билан тил топишиб кетишим муҳим, аммо ҳозир бунга вақт керак.
- Клубни ўзгартираётганда кимнинг маслаҳатига амал қилдингиз?
- Йўқ, ҳаммасига ўзим қарор қилдим. Яхшилаб ўйладим. Бу қарорим барча учун яхши, деб ўйлайман.
Фикрлар