"Ўзим ва 90 фоиз футболчилар илк турда "Локомотив"ни хоҳладик, ўйин услубимизни танлаганмиз, бу "автобус" қўйиш эмас" - про лигада дебют қилаётган мураббий
Про лигада дебютини ўтказадиган “Андижон-SGS” жамоаси илк турни Тошкентнинг “Локомотив” клубига қарши ўтказади. Учрашув бугун Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида бўлиб ўтади.
Ўтган йили биринчи лигада иштирок этган “Андижон-SGS” энди жорий мавсум жуда муҳим ва аҳамиятлидир. Жамоа бош мураббийи Шохруҳ Ишанов чемпионат олдидан Sports.uz сайтига интервью берди.
- Про лигада нафақат “Андижон-SGS” балки сиз ҳам мураббий сифатида дебютингизни ўтказасиз. Ушбу дебют олдидан ҳаяжон сезиляптими? Нимани ўйлаяпсиз?
- Ҳаяжон йўқ. Бу йигитлар билан 8 йилдан бери биргамиз. Шунинг учун футболчиларда ҳам, менда ҳам ҳаяжон йўқ. Ўтган йили биринчи лигани яхши тарзда ўтказдик. Дебютимизга келадиган бўлсак, бу про лига етакчиларидан бири “Локомотив”га қарши бўлади. Лекин биз ҳам майдонга яхши натижа кўрсатиш, яхши ўйин намойиш қилиш ва мухлисларни хурсанд қилиш учун тушамиз. Айнан мана шундай про лига, Суперлигада иштирок этишни 7-8 йилдан бери мақсад қилиб келдик. Худо насиб қилди. Энди қўрқмасдан яна олдинга қадам босамиз.
- Қуръада “Локомотив” рақиб бўлганини билганингизда аввало нимани ўйладингиз? Ёки бошқа рақибни кутганмидингиз?
- Анталияда ўқув-машғулот йиғинимизни ўтказаётган чоғимизда қуръа ташлаш жараёни бўлиб ўтди. Бир кун олдин йигитларга илк турда кимни кўрмоқчилиги ҳақида ёзишларини айтгандим. Биринчи навбатда ўзим “Локомотив”га тушишни хоҳладим, буни беркитмайман, очиқ-ойдин айта оламан. Қуръа ташланганидан кейин футболчиларни ёзиб чиққанларини кўрсак 90 фоиз йигитлар “Локомотив”ни ёзишган экан. Демак, аксарияти про лигадаги дебют ўйинда “Локомотив”га қарши ўйнашни хоҳлашган.
- “Локомотив” Суперлигага қайтиш учун асосий даъвогар. Таркиби ҳам шунга яраша кучли. “Андижон-SGS” эса дебютант ва таркиби ёш. Кучли рақибни қандай ютмоқчисиз? Қандай режангиз бор?
- Албатта, ҳамма мураббийда кучлиларга ва кучсизларга қарши режаси бўлади. Биз ҳам ўзимизга яраша тактикани, ўйин услубини танлаганмиз. Бу ҳимоявий ёки "автобус" қўйишдан иборат эмас. Ўзимизни услубимиз – ҳужумкор ўйинни қўллаймиз. Қўрқмаймиз. Футболчилар ўзлари ўйнайди, ҳеч қанақа босим йўқ. Масалан, айрим клублар бор 5-4-1 ёки 5-3-2 ўйнашади. Ҳаммасини, ўз услубимизда давом эттирамиз.
- Про лигадаги деярли барча клублар таркибларига янги футболчиларни қўшиб олишган. Аммо сиз асосан маҳаллий ўйинчилар билан жамоа негизини сақлаб қолдингиз ва янги номларни кўрмадик. Бунга сабаб нима?
- Ўзимизни ёшларни ўйнатайлик. 24-25 ёшда эмас, 17-18 ёшда порлаб чиқишсин, про лигада, Суперлигада ўзларини кўрсатишсин. Уларни тарбиялаш ниятидамиз.
- Про лигада қандай вазифа қўйилган?
- Раҳбарият томонидан вазифа қўйилгани йўқ. Лекин албатта авваламбор мақсадимиз про лигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш. Чунки раҳбаримиз ваъда бердики, келаси йили академиямиздаги 2006-2007 йиллардаги ўйинчиларимиз биринчи лигада ўйнайдилар. Бунинг учун жамоамизни про лигада сақлаб қолишимиз керак. Бор кучимизни бериб, шижоат ва ўйин услубимиз билан ҳаракат қиламиз. Худо омадимизни берсин.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар