Ўзини UFC'нинг ашаддий ишқибозиман дейдиган мухлислар кўриши шарт бўлган йил сўнггигача бўлиб ўтадиган топ-5 жанглар

  • 2 ноябрь, 2022, 15:20
  • 0
  • MMA

Албатта, йил якунига яқинлашар эканмиз ҳар доим ММА мухлислари сал ғамгин кўринишга кириб қолади. Жанглар кам, мавсум якуни яқин, бу йил октагонга қайтаман деган ёқимтойлар ваъдасини устидан чиқмаган ва ҳоказо ҳолатлар.

Аммо, ғам-ғуссага не ҳожат?! Матчмейкерлик ва жангларни ташкил қилиш ҳеч қачон UFC промоушенида оқсайдиган звено саналмаган. Буни йил давомида ташкил этилган қонли, супер, эмоцияларга бой бўлган жанглар ва турнирлар мисолида гувоҳига айландик ва айланиб келмоқдамиз. Sports.uz сайти ўз шахсий кузатувлари орқали Янги Йил байрамигача бизни кутиб турган топ-5 миссматчлар рўйхатини тақдим этади. Олдинга ўтиб айтишимиз мумкинки, бу жангларни ўтказиб юборадиган мухлислар ўзини ашаддий фанат қаторига қўшмаса ҳам бўлади.

IMG_20221102_123112_644

5. Тай Туиваса - Сергей Павлович (03.12.22)

Тарихий Париж мезбонлик қилган турнирда Сирил Ганга рақиблик қилган ва мухлисларга мазза қилганидан "Марсельеза" таронасини жўр холда айтишга мажбур қила олган Тай Туиваса ўша жангда борини октагонга ташлаб кетди. Ганга шу пайтгача энг катта шикастни етказа олган "Бам Бам" барибир "Яхши Болакай"дан нокаутга учради. Экспертлар уни келаси йилнинг биринчи чорагигача ўзига кела олмаслиги ҳақида хабарларни урчитган бўлсада, австралиялик баҳодир барчасига тупурганича 3 ой бўлмасдан октагонда яна қайтишини суғурталаб қўйди. Қайтгандан қайсидир ўртамеёна жангчига қарши эмас, ўзи каби муштида пушкаси бор "Рус Баҳодири" - Сергей Павловичга қарши. Серёжа бу йили, ҳақиқатдан ҳам, ўз карьерасига "иккинчи нафас"ни қўша олди. Икки ярим йилдан бери виза сабабли муаммоларга дуч келган Павлович бу йил ҳаммаси муаммоларига ижобий жавоб берди. Баҳорда дастлаб ҳамюрти Шамил Абдураҳимовни уйқуга жўнатган Павлович, сал ўтиб Деррик Льюисни ҳам биринчи раундда финиш қилди. Ушбу иккала оғир вазн жангчиларининг умумий ғалабаларида 87% нокаут билан улуши борлиги бизни жангнинг дастлабки сониялариданоқ кўзимизни пирпиратмасликка мажбурлай олади.

IMG_20221102_123415_341

4. Ян Блахович - Магомед Анкалаев (11.12.22)

Классик қарама-қаршилик сценарийсига мос бўлган олишув: катта тажриба багажига эга бўлган ва битта жангчи тушиши мумкин бўлган ҳар қандай ғалабанинг ширин-у, мағлубиятнинг аччиқ таъмини тотишган улгурган ветеранга қарши жуда ҳам кўп нарсалар кутилаётган ва серияли ғалаба қайд этаётган проспект. Блахович ҳар доимгидек андердог сифатида баҳоланган бу жангда польяк ҳар доимгидек проспектларни фаолиятини парчалашга бел боғлаган. Ўз ўрнида, доғистонлик жангчи Пол Крэйгга бой берилган ягона мағлубиятидан кескин тарзда тўғри хулоса чиқарган ва ҳозирда дивизион тарихидаги энг узун иккинчи серияли ғалабани амалга оширмоқда (9 жанглик серия). Топингчи, ундан олдинда ушбу серия бўйича ким мавжуд?! Албатта, ўзининг 13 та жангдан иборат ғалабали серияси билан Джон Джонс турибди. Бу натижани Анкалаев ўзгартира олиши борасидаги саволларга 11-декабрь санасида қисман жавоб топсак, ажабмас. Ҳа, айтганча, бу жанг ғолибининг кейинги жанги албатта титуль учун кечади. Мана сизга ушбу жанг интригасини оширишга хизмат қилувчи яна битта сабаб.

IMG_20221102_123137_341

3. Иржи Прохазка - Гловер Тейшейра 2 (11.12.22)

Сал олдин, Блахович - Анкалаев жангига билдирган фикрларимизнинг сал бўлсада қўшимчалар қўшилган ҳолдаги версиясини бу реванш жангига ишлатсак бўлади. Ёш стойкачи нокаутёр қария партер устаси ва вазн бўғма илонига қарши қайта саф тортади. Иржининг хайпи бемалол ўзини оқлади десак бўлади. Келибоқ, Ўздемир ва Рейес каби вазн топларини бир-биридан чиройли нокаутга учратган "Дениса" ўзига берилган титуль имкониятидан фойдаланган ҳолда ютқазиқли тарзда кечаётган жанг масаласини сўнгги сонияларда сабмишенли ғалабага бура олди. Гловер тоға бўлса Иржигача бир қатор вазн гигиантларини ишдан чиқариб, тарихдаги энг қария камар соҳибига айланганди. Албатта, реваншда ҳам бизни бир-биридан қизиқарли динамик эпизодларга бой бўладиган жанг кутажак.

IMG_20221102_123259_220

2. Дастин Порье - Майкл Чендлер (13.11.22)

Зар қадрини заргар билади деганларидек, менимча, ортиқча таърифларга зор бўлмаган отишув. Порье ўзининг навбатдаги титуль марафонини қайтадан бошлаш учун Чендлерни ўзига танлаб олди. Жанг атрофидаги қисқа трештоклар ҳам жангга ўзгача файз бағишлади. Майкл бўлса UFC'га келганидан бери ҳеч бир мухлисни зериктириб қўймаяпти. Гэтжи ва Оливейрага қарши мағлубиятли, Фергюсон ва Хукерга қарши ғалабали жангларда ҳам, жанг атрофидаги интервью ва пресс-конференцияларда ҳам "Темир Майк" ўз харизмасига эга. Муаммо шундаки, бу иккала жангчи ҳеч мухлислар кўзига чемпион сифатида кўринмаяпти. Айнан, махачев тожни ўзиники қилганидан кейин бу масала яна мужмаллашгандек. Начора, балким, тавқи ланъатни даф қилиш учун ўзаро жанг керак бўлгандир. Буёғи вақт масаласи. Муҳими, бизни кафолатланган супер баҳс кутмоқда.

IMG_20221102_123355_245

1. Исраэль Адесанья - Алекс Перейра (13.11.22)

Хохлаганингизча драма қилишингиз учун етарли сабабингиз бу жангга нисбатан топилиши мумкин. ММА нуқтаъи-назаридан олиб қараганда биринчи, тарихан олиб қараганда трилогия жанги бизга кўп нарсаларни ваъда қилмоқда. Адесаньянинг зерикарли жангларидан тўйган мухлисларга Алекс Перейра фонидаги эски рақибни дуч келгани салгина бўлсада ҳиссиётларни четга суришга сабаб бўла олади. Перейра бир йил ичида учта рақибни териб қўйган ҳолда, рақобат сусайишни бошлаган вазнда тезкорлик билан титуль жангига эга чиқди. Иззи бўлса анчадан бери ҳар қанақасига бўлсада камарни ўзида сақлаб турибди. Албатта, бу жангда Адесаньянинг ММА тажрибаси ўз кучини кўрсатиши мумкин. Лекин, воқеалар фонида унинг Перейра устидан ишончли тарзда ғалаба қозониш инерцияси "Тош қўллар" соҳиби томонидан кечирилмас хатога сабаб бўлиш эҳтимоли ҳам юқори. Айниқса, бу тарзда симметрик антропометрия соҳиблари жангида ҳар он бирга чуқур ва ёрқин нокаут тақдим этиши мумкин.

 

Маҳмуджон Жаббаров тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!