Ҳусанов интервьюда муҳим гапларни айтди
Ўзбекистон миллий жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Setanta Sports Uzbekistan платформасига берган интервьюсида фаолиятига энг муҳим жиҳатлар ҳақида гапирди.
Sports.uz портали ушбу интервьюни ишқибозлар эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
- Яқинларингиз ва дўстларингиз сизникига қанчалик тез-тез келиб туришади? Жамоангизда қайси футболчилар билан энг яқин мулоқотдасиз? Машғулотлардан ташқари ҳам кимлар биландир суҳбатлашиб, меҳмонга бориб турасизми?
- Биз футболчилар билан ҳар куни кўришамиз, чунки машғулотларимиз ҳар куни бўлиб туради. Ўйинлар ҳақида гапирсам, қариндошларим ва оила аъзоларим жуда кўп ҳолларда учрашувларга ташриф буюришади.
- Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиққан пайтда биринчи навбатда нимани ўйладингиз? Ўша лаҳзада қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечирдингиз?
- Биз 38 миллион инсонни хурсанд қилганимизни ўйладим.
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги йиллардаги ютуқлари ҳақида нима дейсиз? Биз жаҳон чемпионатига йўлланма олдик, Олимпиадада иштирок этдик, ёшлар кўплаб муваффақиятларга эришди. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
- Ўзбекистонда футболга катта эътибор қаратилмоқда. Президент шахсан футболга эътибор беради, шунинг учун мамлакатда яхши ўсиш кетяпти.
- Келинг, энг қийин рақиблар ҳақида гаплашайлик. Фаолиятингиз давомида қайси жамоага ёки қайси футболчиларга қарши ўйнаш сиз учун энг қийин бўлган?
- Буни эслай олмайман.
- “Ливерпуль” билан ўйиндан кейин кўплаб ўзбек мухлислари жароҳатингиздан хавотирда, жиддий муаммо йўқми?
- Ҳа, ҳаммаси яхши, Худога шукр.
- Бу мавсумда «Манчестер Сити» тўртта мусобақада иштирок этмоқда. Бундай зич тақвимда жисмоний ҳолатингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Бу борада ҳам муаммо йўқ. Оилам ва жамоадошларимнинг қўллаб-қувватлаши менга ёрдам беради.
- “Сити”га ўтганингизда барчани бир савол қизиқтирган эди: нега айнан 45-рақам? Агар билсангиз, аввал бу рақамда “Манчестер Сити”да Марио Балотелли ўйнаган.
- Мен Беларусда ҳам айнан 45-рақамда ўйнаганман. Шунинг учун яна шу рақамни танладим.
- Беларусда ҳам 45-рақамни танлаш тасодифий бўлганми?
- Ҳа.
- Марказий ҳимоячи ёки ўнг қанот ҳимоячи? Қайси позицияда ўйнаш сизга кўпроқ ёқади?
- Марказий ҳимоячи.
- Ҳозиргача фаолиятингиздаги энг яхши, энг эсда қоларли воқеа қайси?
- ПСЖга қарши “Ланс”даги энг охирги ўйиним.
- Агар нафақага чиққан ҳимоячилардан бирини идеал марказий ҳимоячи шерик сифатида танлаш имконияти бўлганида, кимни танлардингиз?
- Фабио Каннаварони.
Эслатиб ўтамиз, Адуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлаган.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари орқали Европанинг бир қатор клублари скаутларини эътиборини тортди. 2023 йилнинг ёзида Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс” ёш ҳимоячини ўз сафига қўшиб олди.
Бир ярим йилдан сўнг, яъни 2025 йилнинг 20 январида “Манчестер Сити” қатор клублар ўртасида талаш бўлаётган Ҳусанов учун кутилмаган сумма – 40 миллион евро тўлаб, бу трансферни амалга оширди.
Жорий мавсумда Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар” иштирок этаётган барча мусобақа – Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, Карабао кубоги ва Европа Чемпионлар лигаси доирасида мунтазам майдонга тушиб келмоқда.
Фикрлар