Легионерлар жумладан ўзбекистонлик футболчилар Эронга пул учун кетмоқдами?
Бу қишки трансферлар ойнасида Эрон клублари мамлакатдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, бир қатор сифатли легионер футболчиларни сафига қўшиб олди. Бу таклифлар нега хорижлик ўйинчилар учун ҳали-ҳануз жозибалилигини сақлаб қолаётгани ҳақида футбол агенти Кова Тилавпур иштирокида таҳлил қилинди.
Ўзбекистонлик ҳужумчи Игорь Сергеевнинг Россиянинг "Крилья Советов" клуби таклифини рад этиб, Эроннинг "Персеполис" жамоасини танлаши қизиқ бир саволни ўртага чиқарди: ростдан ҳам Эрон чемпионати РПЛдан жозибалироқми?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 32 ёшли аъзоси Игор Сергеев жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Ҳеч қандай форс-мажор ҳолатлар бўлмаса, у катта эҳтимол билан ушбу мусобақада иштирок этади. Бироқ айнан Эрон клубига трансфер ана шундай форс-мажорга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Шунга қарамасдан, Сергеев хавфли деб ҳисобланадиган, кам ўрганилган Эрон лигасига йўл олган биринчи ҳам, охирги ҳам хорижлик эмас.
Турли пайтларда Эрон чемпионатида ҳақиқий юлдузлар, гарчи фаолиятининг охирига яқин бўлса-да, тўп суришган. Масалан Стивен Н’Зонзи, Ману Фернандеш, Серж Орйе, Виссам Бен-Йеддер. Легионерлар учун асосий магнит ҳар доим молиявий жиҳат бўлиб келган. Ҳозир шунга ўхшаш тажрибалар Қозоғистонда ҳам кузатилади. Бироқ айни пайтда Эрон клубларида топ-даражадаги юлдузлар йўқ. Бундай трансферлардан кутилган пиар самараси қисқа муддатли бўлди. Умуман олганда, бу тажриба қиммат ва самарасиз деб топилди. Бу қишда Сергеевдан ташқари Эронга Парагвай, Бразилия, Жанубий Корея, Габондан бўлган футболчилар ҳам кўчиб ўтди.
Айни пайтда маҳаллий клублар рўйхатларида жами 41 нафар легионер бор. Улардан саккиз нафари Марказий Осиё давлатларидан, шу жумладан беш нафар ўзбекистонлик. Шунингдек, собиқ Югославия мамлакатларидан саккиз нафар ва икки нафар албаниялик футболчи мавжуд. Балқон ва Марказий Осиё Эрон учун асосий легионерлар манбаи ҳисобланади. Шу билан бирга, айнан шу бозор вакилларига ҳам Эрон клублари анча жиддий маош тўлашга тайёр.
Масалан, гап-сўзларга кўра, "Персеполис" Сергеевга бир ярим йил учун 1 миллион доллардан ортиқ маош таклиф қилган. Игорнинг вазиятида бундай таклифлар камдан-кам рад этилади. Ўзбек футболининг энг яхши тўпурарларидан бирига бошқа давлатларда ҳам қизиқиш бўлган, хусусан Самаранинг "Крилья Советов" клуби томонидан. Бош мураббийи Магомед Адиев айтишича, футболчи билан шартлар борасида келишувга эришилмаган. Эҳтимол, бу клубда пул йўқлиги билан эмас, балки кучли лигаларда тажрибаси бўлмаган ёши катта форвард учун ойига тахминан 50 минг доллар тўлаш мақсадга мувофиқ эмаслиги билан боғлиқ. Сергеевнинг ўзи Россияга кўчиб ўтишга қарши бўлмаган ва музокаралар жиддий олиб борилган. Аммо, кўринишидан, суммалар орасидаги фарқ жуда катта бўлиб, Игорь Эрон вариантини танлади.
Шунга ўхшаш ҳисоб-китоб Рустам Ашурматов трансферида ҳам кузатилди. Ёзда "Рубин" ҳимоячини 500 минг евро эвазига Теҳроннинг "Истиқлол" клубига сотди. Маълумотларга кўра, у ерда ўзбек футболчиси ойига 50 минг долларгача маош олади. Қозонда эса бу сумма тахминан 15 минг доллар эди. Ҳозирда Эрон лигасидаги энг қиммат легионер ҳисобланган Остон Ўруновга эса янада кўпроқ тўланади. Бироқ эронликларнинг таклифларига ҳамма ҳам рози бўлавермайди. Масалан, "Пахтакор" ҳимоячиси Хожиакбар Алийонов 1 миллион долларлик таклифни рад этган.
Маълумотларга кўра, Эрон чемпионатида маош тизими жуда нотексиз. Кичик клубларда маҳаллий футболчилар ойига 3 минг доллардан маош олиши мумкин, топ-клублар етакчилари ва терма жамоа ўйинчилари эса йилига 1 миллион доллардан ортиқ даромад олади. Легионерлар учун эса одатда, ойига 10–15 минг доллардан бошланади. Клубларнинг молиялаштирилиши асосан давлат тузилмалари ҳамда нефть, саноат ва металлургия соҳаларига алоқадор корпорациялар ҳисобига амалга оширилади.
Ушбу жараёнда истисно сифатида Тaбризнинг "Трактор" клуби тилга олинади. Бу хусусий лойиҳа бўлиб, мустақил кадрлар сиёсатини олиб бориш имконига эга. Айни пайтда клуб рўйхатида тўрт нафар хорват, бир серб, ўзбек (Одил Ҳамробеков) ва албаниялик бор, бош мураббий эса — хорватиалик Драган Скочич. Ўз вақтида жамоани Қурбон Бердиев ҳам бошқарган. "Трактор" тажрибаларни яхши кўради: сўнгги 25 йилда Тaбризга навбатма-навбат Озарбайжон, Словакия, Гана, Португалиядан бўлган футболчилари жалб қилинган, ҳозир эса Балқон мамлакатлари ўйинчиларига кўпроқ эътибор берилаётган.
Шу билан бирга, Эронда легионерлар бўйича регламент жуда қатъий: Осиёдан ташқари олти нафар ва битта осиёлик. Аммо бу лимитдан ҳамма клублар фойдаланмайди. Кўп жамоаларда умуман легионер йўқ. Бу маблағ етишмаслиги сабабли эмас, балки прагматик ёндашув натижаси. Маҳаллий ўйинчиларга нисбатан сезиларли кучайли бўлмаган футболчиларга пул тўлашни истамайдилар.
Масалан, Машҳад шаҳрида динй таъсир жуда кучли. Шу боис профессионал спортга, жумладан футболга муносабат Теҳрон ёки Исфаҳонга қараганда мураккаброқ, айниқса аёлларни трибуналарга киритиш масаласида. У ерда нуфузли ўйинларни ўтказиш қийин, мухлислар сони беқарор, элита даражасидаги клуб эса ҳозирча йўқ. Холбуки, замонавий стадион мавжуд, аммо чекланган тарзда ишлатилади.
Умуман олганда, футбол инфратузилмаси лиганинг энг заиф нуқтаси бўлиб қолмоқда. Юқори даражадаги тўлиқ ареналар кам, майдон сифати кўп танқид қилинади, Теҳрондаги асосий стадион эса узоқ вақтдан бери реконструкцияда. Шу боис мавсумнинг энг муҳим ўйинлари, жумладан "Истиқлол" — "Персеполис" дербиси ҳам бир муддат бошқа шаҳарларда ўтказилди. Футбол шарҳловчиси ва телебошловчи Чавад Ҳейбани таъкидлашича, мамлакатда бу муаммоларни ҳал қилиш учун ресурслар етарли, аммо бизнес ва ҳокимият ўртасидаги зиддиятлар тараққиётни секинлаштирмоқда. Ҳакмлик ва ўйин сифати бўйича ҳам эътирозлар бор.
Агент Кова Тилавпурнинг айтишича, Эрон чемпионати деярли ҳеч қачон Европага ўтиш босқичи сифатида қаралмайди. Юқори поғонага чиқиш учун шахсий алоқалар ёки агентларнинг меҳнати керак. Шунинг учун хорижликлар узоқ қолишни режалаштирмайди ва қисқа муддатли шартномалар тузади. Шу ердан легионерлар алмашинувининг юқорилиги келиб чиқади: кўпчилик ярим мавсум ёки бир йилдан сўнг бошқа вариант излайди. Узоқроқ қолганлар эса маиший ва касбий муаммоларга кўз юмиришга мажбур.
Энг оғриқли масала — хавфсизлик. Тилавпур сўзларига кўра, хорижлик футболчилар можаро кучаса ҳам, бу тўғридан-тўғри уларга таъсир қилмайди, деб ҳисоблайди:
"Агар кескинлик бошланса, футболчилар АҚШ ва Исроил фақат сиёсий ва ҳарбий объектларга зарба беради, деб ишонади. Стадионларни ҳеч ким бомбаламайди. Митинглар бўлса ҳам, одатда кечқурун ва марказда бўлади. Бу пайтда футболчилар база ҳудудида — одатда шаҳар четида, ёпиқ ҳудудда бўлади".
Шу билан бирга, хавфлар тан олинади — айниқса вазият кескинлашганда мамлакатни тарк этиш қийинлашиши мумкин. Илгари ҳам шундай ҳолатлар бўлган, спортчилар эса Туркия чегараси орқали чиқиб кетишга уринган.
Тилавпур фикрига кўра, Эрон лигасини РПЛ билан таққослаш нотўғри. Инфратузилма, ўйин сифати ва молиявий имкониятлар мутлақо таққослаб бўлмайди. Россия клубларининг аксариятида замонавий стадионлар, базалар, кучли ҳомийлар ва ривожланган мухлислар маданияти бор. "Персеполис" 10–20 миллион евро сарфлаб футболчи сотиб олиши ва унга йилига бир неча миллион маош тўлаши деярли тасаввурга сиғмайди. Шунинг учун ҳақиқий юлдузни рози қилиш учун эронликларга бир неча баробар ортиқ тўлашга тўғри келарди. Энг қиммат харид "Истиқлол"нинг 2013 йилда Қатарнинг "Ал-Харитиях" клубидан Андраник Теймуряни 2,2 миллион еврога сотиб олиши бўлиб қолмоқда. Энг қиммат сотув эса — Али Каримининг БААнинг "Ал-Ахли" клубига трансфери. 2001 йилда "Пирузи" бу орқали 2,5 миллион евро ишлаб олган.
Эронлик футболчиларнинг катта қисми хорижга чиқишни орзу қилади. Шу жумладан Россияга ҳам. Охирги йилларда россияликлар янги Азмунни топиш мақсадида Форс бозори диққат билан ўрганилмоқда. Айрим клублар, масалан "Оренбург", эронликларни қайта сотиш орқали ҳам фойда кўрган. Бироқ Тилавпур таъкидлаганидек, Россияда эронликлар билан боғлиқ вазиятдан фарқли ўлароқ, Эрон чемпионатида россиялик футболчилар деярли учрамаган.
"Бу — ушбу икки лигани таққослашга уринaётганлар учун энг яққол жавоб".
Фикрлар