Шомуродов жамоаси УЕФАдан қанча олди?
УЕФА қитъа миқёсидаги энг нуфузли уч халқаро мусобақа – Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигаси турнирларида иштирок этган жамоаларнинг даромадлари ҳақида маълумотларни эълон қилди.
Халқаро ташкилот тақдим этган 2024-2025 йилги молиявий ҳисоботда Туркиянинг тўрт клуби – “Галатасарой”, “Фенербаҳче”, “Бешиктош” ва “Истанбул Башакшеҳир” клубларининг УЕФА мусобақаларидан олган даромадлари очиқланган.
Турк клублари орасида “Галатасарой” кўпчиликнинг эътиборини тортди. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони Европа Чемпионлар лигасидан 4 029 000 евро, Европа лигасидан эса 14 083 000 евро ишлаб топган.
Шу тариқа, жамоа УЕФА мусобақалари орқали жами 18 373 000 евро даромад олган ва 2024–2025 йилги мавсумда УЕФАдан энг кўп маблағ олган турк клубига айланган.
Яна бир қудратли клуб – “Фенербаҳче”нинг Европа лигасидаги иштирокидан тушган даромади 15 682 000 еврони ташкил этган.
Шу лигада қатнашган “Бешикташ” 10 712 000 евро ишлаб олди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган “Истанбул Башакшеҳир” клуби УЕФА Конференциялар лигасида ўйнаб, ўз ғазнасига 6 913 000 евро туширди.
УЕФА маълумотига кўра, эркаклар клублари мусобақаларидан умумий даромад 4,4 миллиард еврога етган. Европа Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби “Пари Сен-Жермен” клуби 144,4 миллион евро ишлаб топди ва қитъа клублари ўртасида энг йирик мукофот пулини қўлга киритган.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов етакчилигида “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси ҳам жорий мавсумда Туркия Суперлигасида Европа кубокларига йўлланма берувчи ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.
Мавсум бошида лигада бир неча муҳим очколарни йўқотган “Башакшеҳир” бош мураббийликка Нури Шахин келганидан кейин вазиятни ўнглай бошлади. Айни пайтда жамоа 21-турдан кейин 33 очко билан олтинчи ўринда бормоқда. Саккиз учрашувдан бери мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган “Башакшеҳир” 15 февралга белгиланган кейинги турда ўзидан бир юқори поғона турган “Бешиктош”ни қабул қилади.
Еврокубокларга йўлланма берувчи энг охирги поғона – мусобақа жадвалининг тўртинчи қаторида бораётган “Гёзтепе” истанбулликлардан етти очко олдинда. “Башакшеҳир” тўғридан тўғри бу рақиб билан 8 мартга белгиланган 25-тур доирасида ўз майдонида ўйнайди.
“Истанбул Башакшеҳир”нинг Суперлигадаги муваффақиятларида Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевнинг хизматлари беқиёс бўлмоқда. 30 ёшли ҳужумчи лигада 15 та гол ва тўртта ассист билан энг самарали ўйинчи ва тўпурарлар пойгаси етакчисига айланган.
Аббосбек Файзуллаев ҳам тобора жамоада асосий фигурага айланиб бормоқда. 22 ёшли ҳужумкор футболчимиз чемпионатнинг 13 та учрашувда майдонга тушиб, иккитадан гол ва ассист муаллифи бўлди.
Фикрлар