ЎзПФЛ раҳбарияти Ўзбекистон Кубоги финалига тайёргарлик юзасидан Фарғона вилояти ҳокими билан учрашди

7 cентябрь куни Фарғонада бўлган Лига мутахассислари Ўзбекистон Кубогининг финал учрашувига тайёргарлик масаласида вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров қабулида бўлди. 

Учрашув давомида вилоят раҳбари финал кўтаринки кайфиятда ўтиши учун Лига билан барча масалада ҳамкорлик қилинишини билдирди. "Истиқлол" стадионини катта ўйинга тайёрлаш ишлари бошланган бўлиб, бунда майдон майсасидан тортиб, прожекторларни созлаш, техник зоналар кесишмаларини ўзгартириш, ОАВ ходимлари ва стадионга ташриф буюрувчи қолган меҳмонларга қулайлик яратиш каби масалаларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилади. "Навбаҳор" ва "Андижон" жамоалари иштирокидаги тарихий тўқнашувга ҳар икки вилоят раҳбарлари таклиф этилади. Шу куни стадион ВВИП ложасида водийнинг уч вилоят ҳокими беллашувни бевосита кузатиб бориши кўзда тутилган. 

Лига, шунингдек, Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азизбек Икромов билан ҳам учрашув ўтказди. Бунда Наманган ва Андижон вилоятидан ташриф буюрувчи футбол мухлисларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг стадионда ҳаракатланиши, чипталар савдоси ва бошқа қатор масалаларда фикр алмашилди. Яна бир неча кундан сўнг Лига аниқ режа асосида Фарғонада ИИБ, Миллий гвардия ва бошқа жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш учун масъул бўлган ташкилотлар билан учрашув ўтказади. Мазкур йиғилиш баёнлаштирилганидан кейингина финал билан боғлиқ қатор масалаларга ойдинлик киритилади. 

"Нефтчи" бош директори Мансур Тошматов "Истиқлол" стадионида Лига мутахассисларига ҳамроҳлик қилди. Биринчи давра давомида клубни молиялаштириш масаласида айрим узилишлар мавжуд эди. Эндиликда клуб ва ҳомийлар ўртасида бу масала ҳал этилган бўлиб, айни вақтда муаммоларни бартараф этиш ишлари бошланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!