ЎзПФЛ: "Сурхон”га тегишли қарзлар ҳозиргача тўлаб берилмади"

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Сурхон” футбол клубининг футболчилар, мураббийлар ва бошқа ишчилар учун тўламай келаётган қарздорлиги масаласини кун тартибида ушлаб турибди. Лига шу йилнинг ўзида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов номига 3 та расмий хат юборди. Бироқ вилоят ҳокимлиги мазкур хатларга умумий жавоб қайтариш билан чекланди.

 

Нега Сурхондарё вилояти ҳокимлиги?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 январдаги “Сурхон ПФК” масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги давлат улушини “ФC-Сурҳан” масъулияти чекланган жамиятига сотиш тўғрисида”ги 4-сон қарорига мувофиқ Сурхондарё вилояти ҳокимлиги зиммасига “Сурхон ПФК” масъулияти чекланган жамиятининг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан тезкор мустақил аудит текширувини ўтказиб, клубнинг аниқланган кредитор қарздорлигини 2023 йилнинг 10 январига қадар бартараф этилишини таъминлаш юклатилган. ЎзПФЛ қарор ижроси юзасидан маълумот олиш учун 16 январ куни Сурхондарё вилоят ҳокимлигига расмий мурожаат билан чиқди.

Бунга жавобан шу йилнинг 2 февраль санасида Сурхондарё вилоят футбол ассоциацияси Лигага хат йўллади. Унда вилоят ҳокими топшириғига асосан ваколатли органлар иштирокида аудит текшируви бошлангани, шундан келиб чиқиб, “Сурхон” футбол клуби 2019-2022-йиллар давомида ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказган барча шартномалардан нусха тақдим этиш сўралган. Лига мазкур сўровга мувофиқ бир кун ичида тегишли шартномалардан нусхалар тақдим этди. Қарор ижроси бажарилиши лозим бўлган санадан 100 кундан зиёд вақт ўтган бўлса-да, қарор ижроси таъминланмади.

Лига 25 март куни вилоят ҳокимига расмий хат билан чиқиб, мавжуд қарздорлик 29 март санасига қадар бартараф этилмаса, “Сурхон” футбол клуби ОФК лицензиясини қўлга кирита олмаслиги ва бунинг оқибатида клуб 2024 йилги мавсум олдидан қуйи дивизионга туширилиши мумкинлигини маълум қилди. Бунга жавобан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Орипов 31 март куни қарздорликни тўлаш билан боғлиқ ҳаражатларни қоплаш учун зарур бўлган маблағ ҳомийлик ёки бюджетдан ташқари қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланишини маълум қилди. Мазкур жавоб хатида қарздорликни бартараф этишнинг аниқ муддати кўрсатилмаганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ 5 апрель куни вилоят ҳокимлигига навбатдаги сўровни юборди. А.Орипов томонидан эса 14 апрель куни худди аввалги мазмундаги жавоб хати такроран тақдим этилди.

 

ЎзПФЛ бунга жавобан қандай чора кўриши мумкин?

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Сурхон” футбол клуби эски қарздорлик масаласини ижобий ҳал қилмагани сабабли ОФК лицензиялаш платформасида мазкур ҳолат акс этишини таъминлади. Бу эса футбол клубининг халқаро лицензияни қўлга кирита олмаслигида асосий мезон бўлиши мумкин. Агар “Сурхон” футбол клуби лицензияни қўлга кирита олмаса, унинг 2024 йилги мавсумни қайси лигада ўтказиши масаласи ЎФА томонидан кўриб чиқилади. Мазкур қоида “Суперлига ва Про лига регламенти”нинг 10.2-бандида ўз ифодасини топган. Лига бу борадаги сўровни ассоциацияга расман киритиши учун июн ойини кутишга тўғри келади. Сабаби ОФК лицензиялаш жараёнинг якуний натижалари айнан шу ойда расман эълон қилинади.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ижросини кечиктираётгани, ФИФА меъёрларига кўра мазкур ҳолат учун “Сурхон” футбол клуби ҳам бевосита жавобгар эканлигидан келиб чиқиб (янги таъсисчи Лига олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарилишини таъминлаётган бўлса ҳам, ФИФА нормаларига кўра у аввалги таъсисчининг мажбуриятлари учун ҳам жавобгар ҳисобланади), Лига ЎФА қошидаги Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитага “Сурхон” футбол клуби билан боғлиқ масала тўла эчим топгунига қадар футбол клубининг трансфер ойнасидаги ҳаракатларин чеклаш юзасидан таклиф киритди. Қўмитанинг қарори юзасидан алоҳида маълумот тақдим этилади.

“Сурхон” футбол клубининг 2019-2021-йиллар давомидаги молиявий фаолияти ва бунинг оқибатида қатор ишчи-ходимлар ўз ҳақини ўтган вақт давомида ундира олмаётгани масаласида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ўз ваколати доирасида этарли даражада иш олиб борди ва бунинг натижасида айрим қарздорликлар бартараф этилди, қолган қарздорликлар юзасидан эса Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг 6-январ куни қарор чиқарди. Ишонамизки, ҳукумат қарори ижроси тез орада таъминланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Хамроев Даврон
25/04/2023 18:06
Бечора Тўпаланг футбол клуби хам 7-ўрин олган бўлса хам четлаштирилганди, шундан кейин 15 йиллар Сурхондарёдан бирор клуб супер лигага чиқмаганди, Сурхонни хам йўқотинглар шундай қилиб.