Паратаэквондочиларимиз Италиядан медаллар билан қайтишмоқда

29-31 октябрь кунлари Италиянинг Болонья шаҳрида паратаэквондо бўйича Европа очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 42 та давлатидан жами 200 дан ортиқ паратаэквондочилар қатнашишди. Ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини жами 7 нафар спортчимиз ҳимоя қилди.

Эътиборлиси, аёллар ўртасида +58 кг вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Гулжаной Наимова фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Қувонарлиси, Гулжаной шу тариқа Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия берувчи рейтингда 2 поғона юқорилади ва 3-ўринга кўтарилиб олди.

Бундан ташқари, эркаклар ўртасида -61 кг вазн тоифасида татамига чиққан Санжар Мухторов ҳам кумуш медаль билан юртимизга қайтадиган бўлди.

Мусобақада -75 кг вазн тоифасида иштирок этган яна бир спортчимиз Фарҳод Мамазияев ҳам кумуш медаль билан тақдирланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!