"Пахтакор" Кубок финалида қолиб кетган қарзни албатта узади, ўзбек футболига қайтишга тайёрман" - собиқ легионер "Пахтакор"га нега мослаша олмаганини айтди
Ўтган йили ярим мавсум “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилган сербиялик ҳужумчи Боян Матич чемпионат якунида клубни тарк этганди.
Катта умидлар билан олиб келинган легионернинг бу ерда ўйини кутилган даражада чиқмади. Аммо у Сербияда ўзига клуб топди. Аниқроғи собиқ жамоасига қайтди.
Футболчи Sports.uz мухбири билан суҳбатда “Пахтакор”даги фаолиятини эслади.
- Боян, “Пахтакор”да ўтказган ярим мавсум фаолиятингизда қандай хотиралар қолди?
- Жуда яхши таассуротлар қолган. Биз чемпионлик унвонини қўлга киритгандик. Мен у ерда жуда кўплаб яхши инсонларни учратдим. Уларнинг ҳаммаси учун ҳам хурсандман. Мана шундай буюк клубнинг бир қисми бўлганим мени қувонтиради.
- “Пахтакор” да қисқа вақт тўп сурганингиз – бу жамоа ўйинига мослашиб кета олмаганингиз билан боғлиқмиди ёки бундан ташқари яна бошқа сабабини ҳам айта оласизми?
- Бундай лигага тўла мослашиш учун 5 ой етарли бўлмайди, деб ҳисоблайман. Чунки жамоага мавсумнинг қоқ ярмида келганман. “Пахтакор”га мослашиб олишим учун эса анча вақт керак бўларди. Янги клуб, ўйинчилари ва ўйин услубларига шу давр ичида мослашиш мутлақо осон эмас. Менимча, тўлиқ ва тўла мослаша олмаганимнинг асосий сабабларидан бири ҳам мана шунда бўлса керак.
- 27 февраль куни “Пахтакор” Суперкубокда “Насаф”га қарши ўйнайди. Ушбу баҳс олдидан нималар деган бўлардингиз?
- Ўйлайманки, “Пахтакор” Кубок финалидаги қолиб кетган қарз учун уни албатта қайтаради. Шунинг учун ҳам мен “Пахтакор”га Суперкубокни қўлга киритишида омад тилайман ва шунинг эвазига мамлакат Кубоги финалидаги мағлубият ўчини олишини хоҳлайман. Суперкубок беллашувида ғалаба голини Драган Черан киритса жуда зўр иш бўларди-да!
- Боян, ортга қайтганингиздан бери сизга ўзбек клубларидан таклифлар бўлдими?
- Менда ўзбек Суперлигасидан бошқа таклифлар ҳам йўқ эмасди, аммо бу ерда қолишни ўзим истамадим.
- Энди Сербияда “Войводина” учун тўп сурасиз. Нега айнан “Войводина”?
- Чунки бу клубда бир йил тўп сурганман. “Войводина”да ўтган ўша қисқа давр фаолиятимдаги энг яхшиларидан бири бўлгани учун яна шу жамоани танладим. Бу ерга қайтишимнинг асосий сабабларидан яна бири шуки, “Войводина” билан Еврокубоклар саралаш баҳсларида иштирок этишни ва асосий босқичга йўл олишни жуда хоҳлардим.
- Сизга ўзбек футболида нима ёққани ва нима ёқмаганини айта оласизми?
- Ўзбекистонда менга ҳамма нарса ёқди. Одамлар жуда меҳрибон ва меҳмондўст. Ўзимни худди уйдагидек ҳис қилдим. Футбол юртингизда анча ривожланиб бормоқда ва бундан хурсанд бўлдим.
- “Пахтакор”даги ўзгаришлардан хабарингиз борми? Масалан, янги иш бошлаган бош мураббийни танийсизми?
- Янги бош мураббий ва қўшимчасига икки нафар янги футболчи олиб келинганидан хабарим бор. Мураббийни танимайман, лекин унга “Пахтакор” билан олтин дублга эришган ҳолда чемпионат ва Кубокни ютишида омад тилайман. Суперлигага мослашиб олиш учун янги мураббийга айнан мана шундай катта клуб керак эди.
- Умуман олганда, у ерда бахтлимидингиз?
- “Пахтакор”да жуда бахтиёр эдим ва боя айтганмимдек, у ерда ўзимни бамисоли уйдагидек ҳис қилдим. Менда ҳаммаси силлиқ кечиши учун Драган Чераннинг ҳиссаси беқиёс бўлганини айтиб ўтишим зарур. У дастлабки кунданоқ “Пахтакор”да менга яқиндан ёрдам беришга киришганди.
- Вақти келиб, яна чемпионатимизга қайтган бўлармидингиз?
- Агар муносиб таклиф бўлса, ўзбек футболига қайтишга тайёрман!
Фикрлар