"Пахтакор" стадионида еврокубок учрашувлари ўтказилганини биласизми?

"Пахтакор" стадиони ўзида қабул қилган турли халқаро ўйинлар бўйича нафақат Осиё, балки жаҳонда ҳам машҳур.

"Пахтакор" стадиони 1954-1956 йиллар оралиғида Тошкент марказида ҳашар йўли билан қурилган. 1956 йил 11 август куни анҳор ёқасида қад кўтарган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган ва унга республикамизнинг етакчи жамоаси каби "Пахтакор" деб ном берилган. Стадион ўз бағрига 50 мингдан зиёд томошабинни тўплаб, туғилган кунини нишонлаган.

Янги стадионда биринчи учрашув 1956 йилнинг 20 августида бўлиб ўтган. 35 минг мухлис тошкентлик футболчиларнинг тбилисилик рақиблари билан баҳсини мириқиб кузатган. 19 сентябрда эса "Пахтакор" марказий аренаси дастлабки халқаро учрашувга мезбонлик қилган. Пахтакорчилар Албания пойтахти Тирананинг "Динамо" жамоаси билан куч синашиб, зафар қучишган.

"Пахтакор" стадионида СССР терма жамоаси иштирокида, СССР чемпионати чемпионлиги учун "олтин" ўйинлар, Еврокубокларнинг чорак финал баҳслари ўтказилган.

1964 йил, "Динамо" Тбилиси - "Торпедо" - 4:1
Чемпионлик учун бўлиб ўтган учрашувда Тбилисининг "Динамо" жамоаси ўз тарихида биринчи бор олтин медалларга эга чиққан. 4:1 ҳисобидаги тарихий муваффақиятга 50 йил тўлиши муносабати билан грузияликлар 2014 йил Тошкентга яна бир бор ташриф буюришганди.

1967 йил, "Торпедо" - "Спартак" Трнава - 3:0
Кубок эгалари Кубоги нимчорак финалида "Торпедо" Словакиянинг "Спартак" клубини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган.

1968 йил, "Торпедо" - "Кардифф Сити" - 1:0
Бу сафар москваликлар чорак финалда Уэльснинг машҳур жамоаси устидан кичик ҳисобда зафар қучишган. Жон Тошак меҳмонлар таркибида ҳаракат қилган.

1970 йил, "Динамо" Москва - ЦСКА - 3:4
Москванинг "Динамо" ва ЦСКА жамоалари эса кетма-кет икки кун майдонга тушишган. Дастлабки ўйинда ҳисоб очилмагани сабабли иккинчи беллашув ўтказилган. Унда ЦСКА 4:3 ҳисобида зафар қучган. "Пахтакор" сафида узоқ йиллар ўйнаган дарвозабон Юрий Пшеничников ўзи учун қадрдон стадионда ЦСКА билан чемпионга айланган.

1972 йил, "Динамо" Москва - "Црвена Звезда" - 1:1
Кубок эгалари Кубогида чорак финал жавоб ўйиниди ўзи учун керакли дурангга эришган "Динамо" ўша йили финалгача етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда "Глазго Рейнжерс"га 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган.

Шунингдек, "Пахтакор" стадионида СССР терма жамоаси, Уругвайнинг "Насионал", Голландиянинг "Витесс" жамоалари ўртоқлик ўйинида майдонга тушган. Осиё ва жаҳон чемпионатлари саралаш баҳслари, Осиё Чемпионлар лигасида кўплаб беллашувлар ўтказилган.

Манба: "Пахтакор" матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!